“Beatles” гуруҳи асосчиси, британиялик машҳур мусиқачи Жон Ленноннинг 12 торли гитараси 2,8 миллион долларга сотилди. Шу тариқа ушбу мусиқа асбоби савдога қўйилган энг қиммат гитарага айланди. Бу ҳақда “Julien’s Auctions” ким ошди савдо уйи маълум қилди.

Аввалроқ “Rolling Stone” журнали гитара 50 йилдан сўнг уй томида топилганини ёзган эди.

***

Францияда дорихоналар иш ташлаган. Фармацевтлар ялпи норозилик билдириши оқибатида мамлакатдаги дорихоналарнинг 90 фоизи, аниқроғи 20 500 тадан 18 мингтаси бугун ишламаган. Ушбу хабарни “Franceinfo” радиоси тарқатди.

***

“Dawn” газетаси ёзишича, Покистон Миллий қўмондонлик маслаҳатчиси истеъфодаги генерал-лейтенант Хоид Аҳмад Қидвой “мамлакат ядро қуролини биринчи бўлиб қўллаш концепциясига амал қилмайди, деган.

– Покистонда ядро қуролини биринчи бўлиб қўллашни тақиқлаш сиёсати йўқ, – деди собиқ ҳарбий Исломободдаги халқаро стратегик тадқиқотлар марказида бўлиб ўтган семинарда сўзга чиқиб. – Мамлакатнинг ядровий салоҳиятдан фойдаланишга тезкор тайёрлиги ҳар бир раҳбарга эркинлик, қадр-қиммат ва жасорат бериши зарур. Бунга ҳеч кимда – дўстда ҳам, душманда ҳам ҳеч қачон шубҳа туғилмаслиги керак.

Газета Миллий қўмондонлик маслаҳатчиси ушбу баёнотини Ҳиндистонда Покистоннинг ядровий дастури бўйича кечган ички баҳсга жавоб тариқасида берганини таъкидлаган.

Маълумотга кўра, ҳозир Покистон ва Ҳиндистон 170 тадан ядро каллагига эга.

***

Япония парламентида номаълум учар жисмлар ва мавҳум ҳаво ҳодисалари масалалари бўйича партиялараро комиссия ташкил этилади, деб ёзди “Киодо” агентлиги.

Таъкидланишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан аномал ҳолатларни текшириш учун депутатлар федерацияси таркиби 6 июнда расман тасдиқланади.

Депутатлар фикрича, бундай ҳодисалар бошқа мамлакатларнинг махфий қуроли бўлиши ҳам мумкин, бу Япония хавфсизлигига таҳдиддир.

***

Аргентина прокуратураси футбол бўйича жаҳон чемпиони Диего Марадонанинг ўлимига алоқадор, дея гумонланаётган саккиз нафар тиббиёт ходими устидан судни октябрь ойига кўчирди, деб ёзди“Франс Пресс” агентлиги.

Аввалроқ прокуратура Марадона соғлиғи учун масъул шифокорлар бепарволик қилиб, собиқ футболчини ёрдамсиз қолдирган, “тақдир ҳукмига” ташлаб кетишганини таъкидлаган эди. Айбланувчилар – беш шифокор ва уч ҳамшира 8 йилдан 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

***

Путиннинг Шимолий Корея ва Вьетнамга ташрифига тайёргарлик жараёни анча олдинга силжиган, деб баёнот берди мамлакат ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко.

Аввалроқ Россия етакчиси матбуот котиби Дмитрий Песков “РИА Новости”га Путин КХДРдан таклиф олганини айтиб, сафарга тайёргарлик кўрилаётганини билдирганди.

***

Эронда навбатдан ташқари президент сайловига номзодларни рўйхатга олиш бошланди. Мамлакат тарихида 14-марта давлат раҳбари сайлови ташкил этиляпти. Даъвогарларнинг якуний рўйхати 11 июнда эълон қилинади, сайлов 28 июнга белгиланган.

***

– 2020 йилдан буён, яъни уруш тамом бўлгандан кейин 361 фуқаромиз минадан азият чекди, жумладан 68 киши ҳалок бўлди, 293 инсон оғир яраланди, – деди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Минанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш – хавфсиз ва яшил келажак учун ресурсларни сафарбар қилиш” мавзусида бўлиб ўтган конференция иштирокчиларига қаратилган мурожаатида. – Уларнинг кўпчилиги бегуноҳ аҳоли вакиллариАрманистон билан ҳарбий можаро бошлангандан бери жами 3,400 озарбайжонлик – 358 болакай, 38 нафар аёл минадан жабр кўрди.

***

ХХР Раиси Си Цзиньпин Яқин Шарқдаги вазият ҳақида шундай деди:

– Яқин Шарқ ривожланиш учун кенг имкониятга эга замин, бироқ ҳудуд ҳамон нотинч. Ўтган йил октябрда Фаластин – Исроил зиддияти кескинлашиб, одамларга улкан кулфат келтира бошлади. Уруш абадий давом этиши, доим адолатсизлик ҳукм суриши мумкин эмас. Икки давлат ташкил этилишига асосланган қарорни амалга оширишда хоҳиш туфайли иккиланиш бўлмаслиги керак. Хитой 1967 йилдаги чегара бўйича ўз суверенитетига эга, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати тузилиб, БМТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди.

С.Раҳимов, ЎзА