Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Миср Араб Республикаси Сенати Раиси Абдулваҳоб Абдуррозиқ бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот аввалида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, мунтазам ва самарали мулоқотлари туфайли Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатлари мазмунан бойиб бораётгани қайд этилди.

Учрашувда делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда икки палатали парламентнинг фаолияти тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Мулоқот чоғида “Ўзбекистон — Миср” парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасида мулоқот йўлга қўйилгани эътироф этилиб, маслаҳатлашув учрашувларини мунтазам ўтказиб бориш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда фикрлашиш учун кенг платформа яратиш борасида фикрлар билдирилди.

Ўз навбатида, Миср Сенати Раиси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этиб, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Шу билан бирга, икки давлат ўртасида барча соҳаларда кўплаб келишувларга эришилгани, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Миср парламентарийлари ҳам ушбу ҳужжатлар ижроси самарали бажарилиши устидан биргаликда иш олиб борилишини алоҳида таъкидлади.

Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга кўтариш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ҳамда савдо кўламини ошириш, туризм-маданий соҳалардаги ишларни жадаллаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ва булардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон — Миср парламентлараро ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш ҳамда бу борадаги амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

М.Комилова, ЎзА