Кеча Жанубий Aфрика Республикасида замонавий, 30 йиллик демократия тарихидаги еттинчи парламент сайлови ўтказилди. Маҳаллий вақт билан соат 7:00 да мамлакат бўйлаб 23 292 сайлов участкаси очилди.
60 миллион нуфузли ушбу давлатда 28 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган.
Фуқаролар 400 ўринли Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) депутатлари ва 9 штатдаги қонун чиқарувчи ассамблея аъзоларини сайлаши керак.
Жанубий Aфрика Сайлов комиссияси (IEC) маълумотига кўра, 400 миллий ва 430 штат миқёсидаги ўрин учун 14 889 номзод курашяпти. Овоз бериш чоршанба куни соат 21:00 да тугаган. Натижа расман 2 июнь куни эълон қилинади.
Жанубий Aфрикада президент Миллий Aссамблея томонидан оддий кўпчилик овоз орқали сайланади. 1994 йилдан бошлаб, яъни мамлакатда демократия тизими ўрнатилгач, дастлабки беш етакчи сўнгги 30 йил давомида ҳокимиятни бошқараётган Aфрика Миллий Конгресси (АМК) номзоди. Ижтимоий сўров тахминича, бу галги сайловда AМК илк бор устунликни бой бериши мумкин.
Янги қонунга кўра, мустақил номзодлар ҳам биринчи марта рақобатга қўшилган.
Овоз бериш натижасига кўра, Миллий Мажлисдаги 200 ўрин сиёсий партияларга тегишли, ҳудудлардаги 200 ўринни партия аъзолари ва мустақил номзодлар эгаллайди. Яъни, парламент сайловида сайловчига иккита алоҳида бюллетень берилади. Учинчи овоз беришда 9 штатнинг қонун чиқарувчи идораси аъзоларини сайлаш кўзда тутилган.
IEC маълумотида умумий сайловда 11 нафар мустақил номзод рўйхатга олингани келтирилган.
Жанубий Aфрикада 2019 йил 8 май куни бўлиб ўтган охирги парламент сайловида 57,5 фоиз овоз олган АМК Миллий Aссамблеяда 230 ўринни қўлга киритди. Шу тариқа партия раҳбари Кирил Рамафоса президент этиб сайланган.