Шу кунларда Жаҳон божхона ташкилотининг Брюсселдаги бош қароргоҳида ўтказилаётган сессияда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Сессия кун тартибида Ўзбекистон божхоначиларининг ташаббуси билан тарихда илк маротаба Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг халқаро уйғунлаштирилган тизимига янги товар коди «Энергетик» ичимликларга алоҳида янги ТИФ ТН код рақами ажратилиши бўйича таклифи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирга қадар Уйғунлашган тизимга ўзгартиришилар киритиш юзасидан таклифлар асосан АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Хитой, Россия, Канада, Жанубий Корея, Япония каби давлатлардан илгари сурилган бўлса, энди Ўзбекистон ҳам ушбу рўйхатдан жой олмоқда. Бу Янги Ўзбекистоннинг божхона хизмати фаолияти ривожланган давлатлар даражасига кўтарилаётганидан далолатдир.

Сессия 31 майга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, «Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими тўғрисида» ги халқаро конвенция 1983 йил 14 июнда Брюсселда қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро конвенцияга 1998 йил 29 августда қўшилган.

 

ЎзА