Дунёдаги 200 дан зиёд давлатда антидопинг тизимини назорат қилувчи WАDА ташкилотининг икки йилда бир марта ўтказиладиган анжуманига бу йил пойтахтимиз Тошкент шаҳри мезбонлик қилди.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАDА)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши ва унинг доирасидаги тадбирлар давомида давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар муҳокама марказида бўлди. Зарур қарорлар ишлаб чиқилди. Уларнинг ижросини таъминлаш бўйича умум йиғин резолюцияси қабул қилинди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати” музейида Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Унда иштирок этган WАDА президенти Витольд Банька, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилишида кўтарилган масалалар, келишувлар, қабул қилинган қарорлар, имзоланган ҳамкорлик меморандумининг моҳияти хусусида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Тошкент резолюцияси ҳамжиҳатликни таъминлайди
Брифингда WАDА раҳбари Витольд Банька журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида Тошкент анжуманида иштирок этган 33 та давлатнинг спорт вазирлиги мутасаддилари, миллий антидопинг ташкилотлари мутахассисларининг фикрлари ва таклифлари асосида антидопинг қоидаларини жорий этиш, спортчилар, спорт жамоаларини допингдан ҳимоя қилишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида резолюция қабул қилинганлигини айтиб ўтди.
Тошкент йиғилишида иштирок этганлар Осиё ва Океания мамлакатларининг спортчиларида допингни аниқлаб жазолаш эмас, энг аввало, уларнинг допингга оид билимларини ошириш, зарур ҳужжатлар ва йўриқномалар билан таъминлаш лозимлигини таъкидлади. Бу борадаги алоқаларда ҳамжиҳатликни кучайтириш имзоланган резолюциянинг таг мазмуни ҳисобланиши таъкидланди.
WАDА нега Ўзбекистон билан меморандум имзолади?
Ҳеч бир давлатнинг миллий антидопинг ташкилоти билан ҳамкорлик ҳужжатини имзоламаган, келишув аҳдига эга бўлмаган WАDА нега Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан меморандум имзолади?
Айни савол брифингда журналистларни энг кўп қизиқтирган саволлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, ташкил этилганига 25 йил бўлган Бутунжаҳон антидопинг ташкилоти кўп жиҳатдан дунёдаги мустақил халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Бугунгача WАDА бирон бир давлат билан ҳамкорлик меморандумини имзоламаганди.
Айтиш лозим, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги WАDАнинг 25 йиллик халқаро фаолиятида ҳам, мамлакатимиз антидопинг ҳаракатида ҳам ўзига хос тарихий воқеа бўлди.
Мазкур меморандумга асосан WАDА тизимидаги расмий ҳужжатлар эндиликда ўзбек тилида ҳам олиб борилиши белгиланди. Бошқача айтганда, WАDА кодексида 8 та стандарт ҳужжат мавжуд бўлиб, улар бугунгача инглиз ва француз тилларида тақдим этилиб келинаётганди. Таълим, допингга қарши кураш, терапевтик истиснолар каби стандартлар бундан кейин WАDАнинг интернет тармоқларида ўзбек тилида ҳам бериб борилади. Айни ҳолат ўзбек тилининг халқаро даражасини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Албатта, тилимизнинг халқаро антидопинг тизимларида улуғланиши фахрли туйғу. Аммо, бундай шараф Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари олдида турган ишлар кўлами янада кенгайишини англатади.
Брифингда шу ҳақда сўз юритган Витольд Банька Ўзбекистонда антидопинг тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ишлар, ҳукумат даражасида қабул қилинган қарорлар, мамлакат спортчилари орасида допинг тушунчасини, ҳалол спорт тамойилини сингдириш борасида катта саъйи-ҳаракатлар амалга оширилганлигини, энг муҳими, допингга оид стандарт ҳужжатлар ўзбек тилида WАDА сайтига жойланганлиги ҳамкорликнинг асосий омили бўлганлигини, келажакда ўзбек мутахассислари ташкилотнинг комиссияларига аъзо бўлиши, унинг раҳбарлик органларига бўладиган сайловларда қатнашиш имконияти яратилаётганлигини эътироф этди.
Ўзбекистон WАDА тизимидаги давлатларнинг қайси гуруҳига мансуб?
Дунёдаги барча миллий антидопинг ташкилотлари 4 та гуруҳга бўлинади. Бу йиллар давомида мамлакатларда допингга қарши ҳалол спорт тизимини жорий этиш ҳаракати, амалий ишлар мундарижаси билан белгиланиб келинади.
Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда допингдан холилик тамойилини кенг ёйиш бўйича катта ишлар қилингани, спорт жамоаларида допинг сабоқлари олиб борилгани, ўнлаб мамлакатлар билан допингдан ҳимояланиш таълими ва бошқа йўналишларда очиқ ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани Ўзбекистонни WАDА тизимидаги 1-гуруҳ, яъни миллий антидопинг агентлиги профессионал фаолият кўрсатаётган давлатлар қаторига чиқишига сабаб бўлган йиғилишда алоҳида таъкидланди.
Фикр-мулоҳазаларга, савол-жавобларга бой тарзда кечган брифинг якунида WАDА раҳбари Ўзбекистон бутунжаҳон антидопинг ҳаракатида ҳамиша етакчи давлатлардан бўлиб қолишига тилак билдирди.
Икки йилда бир марта ўтадиган WАDАнинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилишининг икки кунлик қизғин иш фаолияти якунланди. Унда кўтарилган масалалар, қабул қилинган қарорлар жаҳон спортидаги ҳалолликнинг Тошкент дастури сифатида дунёдаги антидопинг марказларининг ишида самарадорликка эришишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тўлқин РЎЗИЕВ, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари.