Дунё коррупция билан қандай курашмоқда?

ЎзА коррупцияга қарши курашга бағишланган туркумни давом эттиради. Иккинчи мақолада ушбу хунук ижтимоий иллатга қарши кураш бўйича дунё пешқадамларидан бири – Финляндия тажрибаси билан танишамиз.

Финляндия коррупция балосидан, деярли, қутулган. Финларнинг бу борадаги  нуқтаи назари шундайки, улар ҳеч кимни, жумладан ўзини хам аямай, очиқ ва кескин ташҳис қўяди.

– Коррупция жамият давлат томонидан яхши ёки ёмон бошқарилаётганидан дарак берувчи кўрсаткич, – деб ёзган таниқли фин мутахассиси, профессор Сеппол Тиихонен. – Бу кўрсаткич давлат, миллат, халқ иши сиёсий ҳокимият томонидан адолатли бошқарилишини акс эттиради. Зеро, хавфсизлик ва халқнинг турмуш шароити тўғри, одил, покиза бошқарувга боғлиқ. Энг ёмони, коррупция давлат ва жамиятда қонун устуворлигини сусайтиради, бирдан-бир тўғри, ижобий натижа берадиган самарали йўлдан чалғитиб, кишини пировардида мушкул аҳволга солиб қўяди. Сиёсий барқарорликни бузади, ижтимоий тенгликни йўқотади, иқтисодий ривожланишни сусайтиради. Коррупция – давлат ва ҳокимият фаолиятига бериладиган баҳонинг мезони.

Финляндиялик полициячилар учун пора мутлақо бегона тушунча. Қизиғи, атиги бир авлод умри даврича муқаддам ушбу мамлакат коррупция ботқоғига тамоман ботган эди.

Ўтган аср 60-70-йилларида ўта коррупциялашган юрт бугун айни иллатга қарши кураш бўйича пешқадамлар қаторида. Куни кеча порахўр бўлган жамият ўзини ўзи тергаб, қўлга олиб, бу балога қарши туриш учун руҳи, онги, билагида куч-қувват топа олди, кимгадир яхши, кимгадир ёмон кўриниб, шафқатсиз, муросасиз курашиб, ниҳоят натижага эришди. Ўзига – халқи, давлати, мулозимига нибатан дунё жамоатчилиги фикрини ўзгартира олди.

Рақамларга мурожаат килайлик. 2014 йил ўтказилган сўровда давлат сектори, бизнес соҳаси ва коммунал хўжалигидаги 75 фоиз респондент Финляндияда коррупция мавжудлигини эътироф этиб, мазкур иллатга қарши туриш бўйича фикр-мулоҳазасини билдирган. Тадқиқотнинг рақамлардаги ифодаси қуйидагича: ўрганилган идораларнинг 24 фоиз ходими сўнгги 5 йилда ўзи ишлаётган ташкилотда пора олди-бердисидан хабардор бўлган ёки коррупциянинг бошқа бир кўринишига юзма-юз келган.

Юстиция вазирлиги, олий полиция мактаби ва Вааса шаҳри профессорлари ҳисоботида коррупция қай аҳволдалиги, яъни энг юқори лавозимли сиёсатчилар (сиёсий раҳбарлар), давлат арбоблари, вазирлар ва мамлакат полицияси раҳбарлари шундай ишларга нечоғли аралашгани тўғрисида аниқ маълумот келтирилган.

Демак, коррупция билан боғлиқ холатлар маориф вазирлиги, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизими, давлат бошқарувида, иқтисодий фаолият билан боғлиқ қатор соҳалар ва оммавий секторда тез-тез учраб турган. Жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида Парламент депутатлари, шаҳарлар мэрлари ва юқори лавозимли давлат мулозимлари бўлиб, ушбу рўйхат жуда узун эди.

Коррупция бўйича энг кўп тарқалган жиноят тури мулозимларнинг халқ ишониб топширган хизмат лавозимини суистеъмол қилиши ҳисобланади. Пора кенг қамровли тушунча. Пул, мол, дунё олди-бердиси коррупцияга оид жиноятнинг таркибий қисми, холос.

Ўтган аср 60-йилларида Давлат суди томонидан коррупция бўйича кўплаб йирик жиноий иш қўзғатилган. 1960 йил порахўрлар орасида масъул давлат лавозимида хизмат қилган собиқ Аарри Симонен, Вильё Вяйриен  каби парламент депутатлари, вазирлар бор эди. Молия вазири Симонен “Rakennusliike Teora Oy” номидаги йирик замонавий объект қурилишига буюртма бериб, бажарилмаган иш ҳисобидан ноқонуний равишда 200 миллион фин маркаси миқдорида аванс олади. Қинғир ишнинг қийиғи чиқади, деганларидек, кўп ўтмай, компания банкротга учрайди ва солиқ тўловчилар 300 миллион фин маркасига чув тушади. 1961 йил 14 декабрда суд хизмат лавозимида содир этган жинояти учун мансабдорга нисбатан 375 минг марка солиқ тўлаш тўғрисида ҳукм чиқаради.

Воқеанинг кейинги ривожи ҳам ўзига хос. Аарри Симонен бу жиноий ишидан кейин 1966 йил адлия вазири этиб тайинланади ва бу лавозимда 1970 йилга қадар ишлайди. Собиқ ички ишлар вазири Вильё Вяйриен эса шу жиноий иш юзасидан жазо чораси сифатида 80 минг марка солиқ тўлашга ҳукм қилинади.

Яна бир мисол. 1977 йил ОАВда йирик коррупцион жанжал ҳақида материал босилиб чиқади. “Salora” компанияси бош директори Жуко Норделл сиёсатчиларга, юқори лавозимдаги мулозимларга пора бериб, уларнинг чет элга хизмат сафарлари харажатини қоплайди. Бу иш юзасидан тергов олиб борилиб, беш вазир, Девонхонанинг икки масъул раҳбари, шаҳар мэри ва солиқ департаментининг 30 нафар ходимини пора билан сотиб олиб, ўз измига туширгани учун Норделлга 3,5 йиллик қамоқ жазоси тайинланади. Бу жараёнда ҳисоботга киритилмаган 6 миллион марка кимларнингдир чўнтагига тушади.

Собиқ маориф, саноат ва савдо визирлари, социал-демократлар партияси раиси, ҳатто, мамлакат президенти лавозимига номзодлар орасида энг лойиқ, деб ҳисобланган Ульф Сундквист шахсий манфаатини кўзлаб, инқироз арафасида турган банкка ҳукумат кафиллиги асосида кредит олишга ёрдам кўрсатгани учун айбланади. Олий Суд 1997 йил 4 июлда унга компенсация тариқасида 16,4 миллион марка тўлаш бўйича ҳукм чиқаради. Сундквист жарима миқдоридан 1,2 миллионгина тўлайди. Берилган апелляциядан кейин суд Сундквистга нисбатан 6 ой шартли қамоқ жазосини қўллайди. У 2010 йил яна бир нуфузли лавозим – машҳур тадбиркорлар шажараси асосчиси Ротшильднинг консультанти этиб тайинланади.

Хуллас, Финляндияда вазият шундай жиддий эди. Жиноят содир этилар, жиноятчи топилар, ушланар, тергов қўзғатилар, жазо чораси қўлланар, лекин кўнгилсиз воқеалар давом этаверарди. Мутахассислар кўп ўйлашди, муаммони чуқур ва изчил таҳлил қилишди, турли доираларда кенг кўламли мушоҳада, мунозаралардан кейин бир хулосага келишди.

Дастлаб бойлар билан камбағаллар ўртасидаги катта фарқни қисқартириш керак, деган фикрга келинди. Давлат, ҳукумат мутахассислари фикри, тавсиясига асосан шундай қилинди. Ҳозир Финляндия аҳолисининг турли қатламлари даромади ўртасидаги фарқ бор-йўғи 10 фоиз. Жамият бойлари камбағаллардан 4-5 баробар кўпроқ пул топади.

Адолат юзасидан айтиш керак, бу нисбатан яхши кўрсаткич. Европа мамлакатларида айни фарқ етти-саккиз, Россияда эса 18 баробар.

Сезиларли тенгсизлик ҳукмрон жамиятда одамлар бойлиги прогрессив суратда ортиб боради. Бунда тенглик, адолат бузилиши осон кечади. Бундан ҳеч ким манфаатдор эмас.

Юрист, психолог-руҳшунослар таҳлилига кўра, бой ва қашшоқ қатлам орасидаги фарқ сезиларли жамиятда қонун бузилиши, бошбошдоқлик, идора қилиб бўлмайдиган ҳодиса кўп учрайди, тез-тез кўнгилсиз воқеалар, жиноятлар содир этилади.

Яна Финляндияга қайтамиз. Иши юришган, тадбиркорлиги ўнгидан келаётган, даромади яхши фин, таъкидлаш лозим, осмонда юрмайди, ўша-ўша оддий фин машинасини минади. Ўзини ватаннинг, давлатнинг фидойи фуқароси, деб билади. Финлар ҳақиқатан ватанпарвар, мамлакатини алдамайди, полициячи ёки мулозимга пора бермайди, давлат боши берк кўчага кириб қолишига бутунлай қарши.

Нуфузли газетанинг биринчи саҳифасида чиққан бир мақолага эътибор берамиз:

– Финляндия Бош вазири нонуштаси учун бюджетдан ортиқча сарфланган харажатни ёнидан қоплашини айтди. У комиссия аниқлаган миқдордаги  маблағни давлатга қайтармоқчилигини билдирди.

Кўпчилик учун эриш туюладиган бу гап, бу ҳолат Финляндия учун одатий.

Гап шундаки, фин солиқ тўловчилари мамлакат Бош вазирининг ейиш-ичиши учун ҳар ой 850 евро тўлашар эди. ОАВ хабар беришича, икки йил илгари бу харажат 300 еврога, яъни қарийб уч баробар камайтирилган.

– Бош вазир Санна Мариннинг нонуштаси учун кетган маблағ, охирги пайт харажат ҳужжатида қайд этилганидан кўпроқ чиқди, – деб ёзади “Ilta-Sanomat” газетаси Бош вазир ёрдамчиси Элиза Гебхарддан олинган маълумотга таяниб. – Ҳисоб-китобга фақат нонушта учун сарфланган пул киритилган, холос. Кетган маблағнинг ҳаммаси ҳисобга олинса, рақам қайд этилганидан икки баробар кўпаяди.

Ёрдамчининг гапига қараганда, ҳукумат бошлиғи озиқ-овқатга сарфлаётган маблағ илгари эълон қилингандан анча кўп, лекин бу рақамлар афкор оммага ҳамон маълум эмас. Хомаки ҳисоб-китобга қараганда, сарф ажратилганидан икки баробар кўп, тахминан 850 евро бўлиши мумкин. Гебхард озиқ-овқат хариди билан Бош вазир шахсан шуғулланмаслигини таъкидлаган. Бу вазифа Девонхона ихтиёрида.

Хуллас, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ёрдамчиси “Санна Марин 2020 ва 2021 йилларда овқатланиши учун сарф қилинган барча харажатни ўзи қоплашга тайёр” деди. Шу тариқа Финляндияда сайлов арафасида коррупцияга доир шов-шув, гап-сўз, жанжал бошланиб кетди. Баҳонада журналистлар Бош вазир оиласи нонушта учун ойига фалон сўм (300 евро) сарфлашини билиб олишди.

Яна бир сир ошкор бўлди. Маълум бўлишича, расмий ҳужжатларда ҳукумат бошлиғи учун озиқ-овқат сотиб олиш тўғрисидаги банд умуман кўзда тутилмаган экан. Социал-демократик партия аъзоси бўлган Марин бундан мутлақо хабарим йўқ, деб қатъий туриб олди. Кўтарилган шовқин натижасида ундан олдин шу лавозимда ишлаганлар ҳам озиқ-овқат учун ёнидан пул тўламаганликлари аёнлашиб қолди. Бу жанжал, муҳокама, мунозаралардан кейин мамлакатда порага қарши кураш авж олиб, турли туҳфа, совға, унвон бериш, орден ва медалга тавсия қилиш, мукофот пулини тақсимлашнинг янги тартиби, қонун-қоидаси ишлаб чиқилди. Мулозимлар шундай ҳолатлар бўйича доимий ва аниқ ахборот, маълумотга эга бўлиши ва зарур чоралар кўриши шарт қилиб қўйилди. Мабодо полиция бирор ножўя ҳатти-ҳаракатни сезиб қолса, ҳодисани зудлик билан расмийлаштириб, судга ошириши лозим. Суд эса жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаши, муайян ҳолларда қоидабузарни маълум муддатга жамиятдан четлатиши, олисроқ ҳудудга сургун қилиши кўзда тутилди.

– Коррупцияга қарши курашнинг яна бир самарали усули ОАВда давлатга етказилаётган зиён ҳақида иложи борича кўпроқ, батафсилроқ ахборот, маълумот бериб бориш, – деб ёзади “Трансперенси Интернешнл” халқаро ташкилоти бўлими бош котиби Лотта Рюдстрём.

Финляндияда ҳам оммавий ахборот воситасининг коррупция тўғрисида мунтазам аниқ ва батафсил ахборот олиш эркинлиги таъминлана бошланди. Қоидага мувофиқ, журналист кеча-кундуз мунтазам ишлаб турадиган маълумотлар базасига қўнғироқ қилиб, муайян шахс ҳақида бир зумда қаерда ва ким бўлиб ишлаши, маоши, оилавий аҳволи, фарзандлари, оила аъзоларининг ойлик ва йиллик даромади ҳақида тўлиқ маълумот олиши имкони яратилди.

Бу давлатда коррупция, порахўрлик, мансабни суистеъмол қилиш, лавозимдан шахсий мақсадда фойдаланиш ёки давлат сирини ошкор қилмаслик каби ҳолатлар билан боғлиқ махсус қонунлар йўқлиги сабабли, бундай вазиятларда ҳам жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар асосида жазо чоралари кўрилади.

Бугун Финляндия коррупцияга қарши кураш бўйича халқ хўжалигининг барча тармоқларини қамраб олган ягона тизимга эга. Юқори мартабали давлат мулозимининг бир лавозимда ишлаши 5 ёки 10 йиллик муддат билан чекланган.

Пять объяснений того, почему в Финляндии нет и не будет массовой коррупции | Пикабу

“Transparency International” маълумотига кўра, 1995-1997 йиллар Финляндия энг кам коррупциялашган давлатлар рўйхатида 4-ўринни эгаллаган. Шундан кейин уч йилда 2-ўринга кўтарилган. Мана, салкам чорак асрдан буён Финляндия халқаро рейтингларда ғолибликни қўлдан бермай келяпти. Бу натижа “Global Corruption Barometer” – Жаҳон коррупцияси барометри ва “Global Briber Index” – Порахўрликка қарши кураш халқаро индекси томонидан ҳам тан олинмоқда.

Умуман, бугунги кунда дунё бўйлаб коррупцияга қарши бўйича янги-янги дастурлар яратилмоқда, институтлар очилмоқда, ихтисослашган тармоқлар кенгайиб, муайян шакллар ҳаёт талаби даражасида ўзгаряпти. Тан олиш керак, мазкур иллат ер юзининг умумий муаммосига айланган. Аввалига ҳар бир давлат миллий анъаналари, одоб-ахлоқ меъёрларидан келиб чиқиб, бу бало билан кураш қонун-қоидаси, қўлланадиган жазо чорасини ишлаб чиқа бошлаган. Эндиликда мазкур иллатга қарши ягона талаб-стандарт яратилиши ва миллий қонунчилик амалиётига тадбиқ этилиши чоралари кўрилмоқда.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА шарҳловчиси