Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Aнтониу Гутерриш Исроилнинг ҳарбий ҳаракати кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, Рафоҳ ва Карам Aбу Салим чегара манзили ёпилиши гуманитар вазиятни ёмонлаштиришига эътибор қаратди.

Гутерриш БМТ қароргоҳида матбуот учун баёнот бериб, Исроил, Фаластин ва бутун минтақа халқлари тақдири ҳал қилувчи нуқтада эканини қайд этди. Исроил ва ХAМAС келишуви Ғазодаги Фаластин халқи ва маҳбуслар яқинлари азобини енгиллаштириш учун зарурлигига урғу берди. Шунингдек, бир неча ҳафта давом этган, Ғазода тинчлик ўрнатишга қаратилган дипломатия натижа бермаса, вазият фожиали тус олишини айтди. Ҳар икки томонни келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатни кучайтиришга чақирди. Ўт очишни тўхтатиш, асирларни озод қилиш ва инқироз ёқасидаги минтақада вазиятни барқарорлаштириш учун келишув зарурлигини таъкидлади.

– Минтақа ва дунё учун берилган бу имкониятни қўлдан бой бериб бўлмайди, – дея қўшимча қилди у. – Афсуски, воқеалар “тескари йўналишда” ривожланмоқда. Рафоҳ ва Карам Aбу Салим чегара пунктлари зудлик билан очилиши керак. Рафоҳга қуруқликдан ҳужум қилишдек стратегик хато сиёсий фалокат келтиради. Исроил ҳукумати кескинликни тўхтатиб, дипломатик музокарани бошлаши керак. Бизга етарли эмасми? Жуда кўп бегуноҳ инсонлар ўлим ва вайронагарчиликка дучор бўлди.

Гутерриш шаҳарга қилинган комплекс ҳужум инсоний фалокатга олиб келишини, Ғазода бирор хавфсиз жой қолмаганини таъкидлади. Рафоҳ ҳам инсонпарварлик ёрдами амалиёти учун марказлиги, ҳудудга қилинган ҳужум, секторда очарчилик кучайгани сабабли, ёрдам операциясини мураккаблаштиришини эслатди.

Ҳатто, Исроилнинг “дўстлари” ҳам Рафоҳга қуруқликдан ҳужум қилишдан қатъий огоҳлантирганини таъкидлаган БМТ раҳбари халқаро ҳамжамият зиммасида ўт очиш тўхтатилишини таъминлаш, маҳбусларни озод қилиш ва гуманитар ёрдамни кўпайтириш мажбурияти борлигига урғу берди, Исроилга нисбатан таъсир кучига эга барча давлатларни шунга даъват этди.

– Томонлар учун мавжуд имкониятдан фойдаланиш ва келишувга эришиш вақти келди, – дея хулоса қилди Бош котиб.

Г.Сатторова,
ЎзА