Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси сабабли ушбу муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик даражасига чиқди.

Олий даражадаги мулоқотлар мунтазамлик касб этмоқда. Бунинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталари, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, туризм, таълим ва ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик янада ривожланмоқда.

Бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Туркия Республикаси вице-президенти Жевдат Йилмаз бошчилигидаги делегация учрашувида эътироф этилди.

Мулоқот давомида Туркия томони гендер тенглик, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, тартибли меҳнат миграцияси, оила ишлари ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида кўмаклашиш, бу борада ўзаро тажриба алшашиш ва аниқ лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини минтақавий ва халқаро доирада мустаҳкамлаш ва янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Жумладан, парламентлараро гуруҳлар ва парламентларнинг барча қўмиталари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, банк-молия, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда тўғридан-тўғри мулоқотларни фаол давом эттириш муҳим.

Томонлар икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва кенгайтириш йўлида ўзларининг бор тажриба ҳамда шижоатларини сафарбар этишга тайёр эканини билдирди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА