Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллашни тартибга солиш тўғрисидаги қўшимча низомлар ҳақида”ги фармони билан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллаш тартиби соддалаштирилди.
Хусусан, ушбу фармон билан импорт қилинган товарларга божхона тўловларини тўламасдан уларни қайта ишлаш орқали ҳосил бўлган товарларни ҳеч қандай тўловларсиз чет элга экспорт қилиш имкони яратилди.
Жорий йил бошидан бошлаб ушбу режимга 1 миллион 520 минг АҚШ доллари қийматидаги 5841 тонна маҳсулот расмийлаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар ушбу маҳсулотлардан қайта ишланган 2583 тонна товарлар хориж давлатларига экспортга чиқарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ушбу режимнинг афзалликларини тадбиркорлик субъектларига етказиб бериш ҳамда уларнинг ўз корхоналарида ушбу режим имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда товарларни жаҳон бозорларига чиқарилишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган тарғибот ишларининг навбатдагиси “Nukus Polimer” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.
Учрашувда “божхона ҳудудида қайта ишлаш – божхона божларидан озод ҳудуд” эканлиги таъкидланиб, режимнинг қўлланилиши корхона ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг янада ортишига ижобий таъсир кўрсатиши амалий мисолларда тушунтирилди.
Мазкур корхона ўз фаолиятини 2017 йилда замонавий русумдаги технологик асбоб ускуналарни хориждан божхона тўловларидан озод этилган ҳолда олиб кириш билан бошлаган. Полиэтилен қувурларини 300 дан ортиқ ассортиментда ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона хомашёни Эрон, Россия, Туркманистон давлатларидан ҳамда ички бозордаги “Uzkorgaz”, “Shortan gaz” корхоналаридан олиб, қайта ишлайди.
Ҳозирги кунда замон талабига мос рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхона мутасаддиларига товарлар экспортини йўлга қўйиш, бунинг учун эса “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликларидан фойдаланиб, имтиёзли импортни амалга ошириш талаблари тушунтирилди.
Бу каби учрашувлар бугунги кунда 20 нафардан зиёд маҳаллий фуқарони доимий иш билан таъминлаган ва катта ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур тадбиркорлик субъекти яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз маҳсулотларини жаҳон бозорларига йўналтиришига туртки бўлади.
Довуд Абибуллаев,ЎзА мухбири