Маълумотларга кўра юртимизда 4 минг 400 атрофида рўйхатдан ўтган ёввойи ўсимлик турлари бор. Олимлар бу кўрсаткич доимий ўсиб бораётганини таъкидламоқда. Чунки юртимизнинг бетакрор табиати, ўзига хос ландшафтлари янги кашфиётларни кутиб турибди.

Ўзбекистон ўзининг Ғарбий Тянь-Шандаги Чотқол, Қурама, Угам ва Писком, Помир Олойдаги Нурота Зарафшон, Ҳисор, Туркистон сингари осмонўпар тоғларига, шунингдек, мамлакатимизнинг 80 фоиз ҳудудини эгалловчи Қизилқум-Устюрт чўлларидаги янги ўсимликлар дунёсига эга.

У ерлардаги ноёб ўсимликлар турини аниқлаш, янги ўсимлик номини жаҳон фанига танитиш учун эса олимлардан узоқ изланиш ва ҳамкорлик талаб этилади.

Фанлар академияси Ботаника институти олимлари томонидан дунё фани учун янги бўлган ўсимлик турларини аниқлаш ва уларни ўрганишда хорижлик олимлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Хитой Фанлар академияси вице президенти, Шинжон Экология ва география институти Шинжон бўлими директори ва бошқа мутахассислардан иборат делегация Ботаника институтига ташриф буюрди.

Ташриф давомида томонлар ўзаро манфаатли илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни режалаштириш мақсадида экосистемаларни муҳофаза қилиш, биологик хилма- хилликни сақлаш, ўсимликларни ҳар томонлама тадқиқ этиш масалаларини муҳокама қилди.

– Ушбу учрашув ҳар икки мамлакат олимлари ўртасида илмий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, илмий ахборот алмашишни ривожлантириш, ҳозирги кунда долзарб ҳамда амалий аҳамияти юқори бўлган фундаментал ва амалий илмий лойиҳаларни биргаликда бажаришга замин яратади, – деди академик Комилжон Тожибоев.

Шунингдек, учрашув давомида олимлар ўсимликлар филогенияси, эволюцион тарихи ва таксономияси борасидаги тадқиқотларни, биоклиматология ва иқлим ўзгаришининг биологик хилма-хилликка таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқотларни ҳамкорликда бажаришга келишиб олди.

Учрашув сўнгида меҳмонлар Ўзбекистон Миллий гербарийси фондидаги материаллар, ноёб объектлар билан танишди.

 

Н.Раҳмонова, ЎзА