Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Бўстон Силк” масъулияти чекланган жамиятида жорий йил ҳосили учун ипак қуртини боқиш мавсуми бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда секторлар раҳбарлари, овул ва маҳаллалар раислари, хотин-қизлар фаоллари, касаначилар ҳамда алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ипак қуртини парвариш қилишда касаначиликни янада ривожлантириш, янги тутзорларни барпо этиш орқали пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги кластерлар ва фермер хўжаликлари ҳамда пилла етиштиришга ихтисослашган уй хўжаликлари ташкил этиш, шунингдек, пилла хомашёси етиштиришнинг озуқа базасини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилда Элликқалъа тумани пиллакорлари томонидан 202 тоннадан зиёд “кумуш тола” хирмонини яратиш режалаштирилган. Соҳада ўзига хос тажриба мактаби шаклланган туманда жорий йилда 3 минг 141 қути ипак қурти парваришланади.
Тадбирда мутахассислар томонидан ипак қуртини парваришлаш мавсумига тайёргарлик ишлари, уруғларни тўғри жонлантириш, қуртларни кичик ва катта ёшларида агротехник талаблар асосида парваришлаш ҳамда пилла ўраш даврида эътибор қаратилиши лозим бўлган тадбирлар бўйича илмий-амалий тавсиялар берилди. Жорий йилда Элликқалъа туманида 259 фермер хўжалиги ва 1250 нафар касаначи билан ипак қуртини парваришлаш бўйича шартнома тузилди. Ҳар бир етиштирилган 1 килограмм пиллага 40 минг сўмдан пул берилиши таъкидланди.
Тадбир якунида ўтган йилда пилла топшириш режасини ортиғи билан бажарган овул ва маҳалла фаолларига ҳамда касаначиларга совғалар топширилди. Шунингдек, иштирокчиларга “кумуш тола”дан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири