Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтаётган қитъа чемпионатининг иккинчи кунги беллашувлари якунига кўра, ўзбекистонлик спортчилар тарихда биринчи марта аёллар кураши бўйича Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
30 га яқин давлатнинг маҳоратли спортчилари қатнашаётган Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзоси Актенге Кеунимжаева -50 килограмм вазннинг саралаш баҳслари муваффақиятли ўтказиб, финал йўлланмасига эга чиқди. Айнан ушбу натижа истеъдодли курашчи қизимизга Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлланмаси соҳибаси бўлишига олиб келди.
Актенге Кеунимжаеванинг Осиё чемпонати 1/2 финалида Хитой Тайпейи вакили Менг Ҳсуан Ҳсиехни мағлуб этиб, медаллар учун курашиш имкониятига эга бўлиши Ўзбекистон спорт делегациясининг Париж-2024даги йўлланмалари сонини 30 тага етказди.
Эртага, 21 апрель куни қитъа чемпионатининг учинчи кунида Осиёнинг маҳоратли юнон-рум кураши усталари қатори Аброр Атабоев, Жалгасбой Бердимуратов, Рустам Ассакалов, Темурбек Насимов сингари курашчиларимиз Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кечадиган беллашувларда ўз омадини синаб кўришади.
Т. Рўзиев, ЎзА