Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур аттестация синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланган. Қарор асосида педагогларни аттестациядан ўтказиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди.

Янги тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади. Синов материаллари соҳа мутахассислари, олимлар ва амалиётчи педагогларни жалб қилган ҳолда тестологик меъёрлар асосида ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, бугунги кунда аттестацияда иштирок этиш учун 21 минг нафардан ортиқ педагог онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 18 минг 350 нафари иштирок этиши кутилмоқда.

Таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Янги аттестация тизими айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортишига, мамлакатимизда таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

Аттестация синовлари май ойининг якунига қадар давом этади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари