Барқарор экспортнинг таъминланиши, импорт товарлар оптималлаштирилиши ва мамлакатимиз инвестицион жозибадорлигини таъминлашда божхона органларининг ўрни беқиёс.

Божхона ходимлари тадбиркорлик субъектларида бўлиб, божхона расмийлаштирувида яратилаётган имкониятларни корхоналар фаолиятида қўллаш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича тарғибот тадбирларини олиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси экспорт салоҳиятида ҳудуднинг ўзида ўстирилган пахта толасидан “ип калава” маҳсулотини ишлаб чиқариш “полиэтилен” экспортидан кейинги етакчи ўринда туради. Бугунги кунда айнан ушбу маҳсулотни сифатли ишлаб чиқариб, жаҳон бозорларига олиб чиқаётган ҳудуддаги ўнга яқин корхона орасида Қонликўл туманида жойлашган “KANTEKS INVEST” масъулияти чекланган жамият ҳам ўзининг салмоқли ўрнига эга.

Диёримизда етиштирилган пахта толасидан енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариб, чет давлатларга экспорт қилиш билан шуғулланувчи мазкур йирик тўқимачилик корхонаси 2019 йилда Қонликўл туманида 10 гектар ер майдонида қад қўтарган. Германия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркия каби давлатлардан келтирилган сўнгги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари билан таъминланган корхона йилига 9 минг тонна ип калава ишлаб чиқариш ва 12 минг тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга.

Бугунги кунда 600 та иш ўрнига эга бўлган мазкур корхона жорий йил бошидан Туркия, Россия, Хитой каби давлатларга 3 миллион 86 минг АҚШ доллари қийматидаги 1 минг 160 тонна ип калава маҳсулоти экспортини амалга оширди.

Учрашув давомида божхона ходимлари томонидан экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулот ҳажмини янада ошириш юзасидан тавсиялар берилиб, ҳукуматимиз томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектларида яратилаётган имконият ва тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил тўхтаб ўтилди.

Божхона қўмитаси билан айнан ушбу “Kanteks Invest” МЧЖ ўртасида “Экспорт уч қадамда” ахборот тизимини синов тариқасида йўлга қўйиш тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси, ҳам божхона органлари учун манфаатли бўлган ўзаро ахборот алмашиш, мавжуд маълумотларни таққослаш, божхона ҳамда давлат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишдир.

Эндиликда ушбу корхона Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Экспорт уч қадамда” ахборот тизимига автомобиль транспортида амалга ошириладиган экспорт товарлари бўйича божхона юк декларацияларини жўнатади ва чегара божхона постида махсус пломбалар босилиши орқали экспортга расмийлаштирилади. Синов тариқасида қўлланилаётган ушбу лойиҳа ижобий кўрсаткичларга эга бўлса, барча экспортер корхоналар фаолиятига татбиқ этилиши назарда тутилган.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири