Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, вирусли гепатитдан вафот этаётган одамлар сони йилдан-йилга ортмоқда. У сил каби энг кенг тарқалган юқумли касаллик ҳисобланади. 2022 йилда 1,3 миллион киши ушбу хасталикдан вафот этган.

БМТ янгиликлар маркази тарқатган мақолада келтирилишида, диагностика ва даволаш воситалари такомиллашиб, дори-дармонларнинг арзонлашиб бораётганига қарамай, тест ўтказиш йўли билан даволаш қамрови кенгаймаяпти.

***

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда кенг кўламли тошқинлар бўлаётгани боис маблағларни тежаш мақсадида шу йил 13-14 июнда режалаштирилган Халқаро Остона анжуманини бекор қилди, деб хабар тарқатди Президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Президент тадбирда иштирок этишга таклиф қилинганлар ушбу қарорни тўғри қабул қилишига умид билдирган.

***

Ўтган йил якунларига кўра, Хитой, Вьетнам ва Италия дунё бўйича энг кўп пойабзал экспорт қилган мамлакатлар рўйхатидан жой олди. Мазкур мамлакатларнинг экспорт кўлами жаҳон пойабзал бозорининг ярмини ташкил этган. Ушбу маълумотлар БМТ “Comtrade” платформасида ҳамда миллий статистикаларда келтирилган.

Маълумотларга кўра, ўтган йили жаҳон бўйича пойабзал экспорти кўлами 154 миллиард долларни ташкил этган. Хитой 53 миллиард, Вьетнам 20 миллиард ва Италия қарийб 15 миллиард долларга пойабзал сотган.

***

Халқаро валюта жамғармасининг(ХВЖ) амалдаги раҳбари  Кристалина Георгиева иккинчи муддатга сайланди, дейилади ташкилот тарқатган хабарида.

Аввалроқ ХВЖ Георгиевани ушбу лавозимга ягона номзод эканини маълум қилган эди. Шунингдек, март ойида у иккинчи беш йиллик муддатга тайёр эканини айтган.

Георгиева ХВЖни 2019 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унинг ваколат муддати 2024 йил сентябрда тугайди.

***  

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясини олиб бораётган сиёсий ҳаракатлари учун танқид қилиб, “руслар орзуси” сиёсий кучлари, деди.

-Уларда Россия босими ортиб бораётгани туфайли кучли ўзгариш кузатилмоқда, – деди Зурабишвили “Пирвели” ТВ эфирида чиқиш қилиб. –“Грузия орзуси” бу – “руслар орзуси”.

Зурабишвили яна бир бор сиёсий кучларнинг парламентга иноагентлар ҳақидаги қонунни  тақдим этаётганини танқид қилди. Президентнинг таъкидлашича, у ҳукмрон партияни узоқ вақт “россияпараст” деб аташдан ўзини тийиб келган.

***  

Санкт-Петербургда чоршанба куни янги ҳарорат рекорди ўрнатилди. Ҳавонинг энг юқори ҳарорати 1890 йилда қайд этилган аввалги рекорд кўрсаткичдан 4,8 даража юқори бўлди, дейилади «Синьхуа» ахборот агентлиги тарқатган хабарда .

Россиянинг «Фобос» об-ҳаво маркази етакчи мутахассиси Михаил Леуснинг таъкидлашича, 10 апрель куни Санкт-Петербургда ҳаво ҳарорати +21,5 даражани ташкил этган.

*** 

Евроиттифоқ Мисрга 1 миллиард евро миқдорида макроиқтисодий ёрдамни тасдиқлади.

Жорий йил 15 март куни Евроиттифоқ Мисрнинг сўровига жавобан кредит тарзда 5 миллиард евролик макромолиявий ёрдам таклиф қилган эди.

Таъкидланишича, ёрдам Мисрда сўнгги ойларда айниқса Ғазо секторидаги уруш ва ҳусийларнинг Қизил денгизда кемаларга ҳужуми ҳамда Украинадаги низо оқибатлари туфайли кузатилаётган молиявий  эҳтиёж билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашгани боис ажратилмоқда.

***

Эрон Исроилга ҳужум қилади, бу бир неча кунлик масала бор, деб ёзмоқда “Bloomberg” ахборот агентлиги. Агентликнинг АҚШ ва Исроил разведкаси таҳлилларига таяниб ёзишича, Эрон Исроилнинг ҳарбий ва ҳукумат объектларига юқори аниқликдаги ракеталар ва дронлар орқали ҳужум қилиши мумкин.

Ўтган чоршанба куни Эроннинг олий раҳбарияти Исроил Суриядаги Эрон консуллиги биносига ҳужум қилгани учун «жазоланиши керак ва жазоланади», деб баёнот берган эди.

2 апрель тунда Исроил Эроннинг Дамашқдаги консулхонаси биносига ракета ҳужумини уюштирган эди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча зобити, хусусан, икки генерали ҳалок бўлганди.

***

Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маск Марсни эгаллаш учун камида бир миллион киши ва бир неча тонна юк талаб қилинади, деди. Одамлар ва юкларни Қизил сайёрага етказиш 20 йилдан кейин амалга ошиши мумкин.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, Марсни эгаллаш лойиҳаси “Starship 3” ракетаси орқали амалга оширилади, чунки мазкур ракета ҳозирда энг замонавий восита ҳисобланади.

С.Раҳимов, ЎзА