Нукусда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури ижросини таъминлаш доирасида иш бошлаган Кичик бизнесга кўмаклашиш марказининг янги биноси очилди.

Тадбирда “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки, Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси раҳбарияти, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов сўзга чиқиб, барчани марказ биносининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири”ни яратишни кўзда тутади.

“Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки дастурни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган. Мазкур банк томонидан дастур иштирокчилари учун электрон платформа – “Бизнес портал” ташкил этилди. Фуқаролар ва тадбиркорлар порталда онлайн ариза бериш орқали дастурда иштирок этишлари мумкин.

Дастур доирасида банк таъсисчилигида кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси ва унинг таркибида ҳудудларда 14 та Кичик бизнесга кўмаклашиш ҳудудий марказлари ташкил этилди.

Нукусда иш бошлаган “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”да кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш каби чора-тадбирлар амалга оширилади.

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурига мувофиқ ташаббускорлар Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари томонидан танлаб олинади ва улар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилади. “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки томонидан дастур иштирокчиларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш мақсадида 9 турдаги банк хизмати жорий этилди.

–Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредит ёки асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг берилади, – дейди марказ директори Фурқат Асемов. – Бунда 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилган. Марказда, шунингдек, тадбиркорларга лицензия, рухсатнома ва сертификатлар олиш масалалари, божхона, солиқ маъмуриятчилиги, экспорт, импорт операциялари, шартномаларни расмийлаштириш, давлат харидларида иштирок этиш, шунингдек, ер участкалари ва бино-иншоотларни сотиб олиш ёки ижарага олиш ва лойиҳалаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги имтиёз ва преференциялар, мавжуд бошқа енгилликлар ва имкониятлар бўйича маълумот ҳамда маслаҳатлар берилади.

–Сўнгги йиллари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи тадбиркорларига кенг имконият ва имтиёзлар берилмоқда, – дейди Тахиатош туманидан ҳунарманд Ерсултон Отаров. – Марказда ташкил этилган ўқувда иштирок этиб, 100 миллион имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлдим. Келажакда фаолиятимни янада кенгайтириб, янги иш ўринларини очмоқчиман.

Тадбир иштирокчилари лойиҳаларни танлаб олиш ва иштирокчиларни ўқитиш тартиби, марказда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.