Қўшни Қозоғистоннинг кенг кўламли сув тошқини юз берган ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳоли сони 19 мингга яқинлашди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Департамент таъкидлашича, Оқмола, Оқтўбе, Aтирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар ва Улитау вилоятлари аҳоли манзилларида офат оқибатини бартараф этиш, шунингдек янги тошқиннинг олдини олиш ва қутқарув ишларини жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда.

– Ҳозиргача 1043 хусусий турар-жой биноси ва 298 ҳовли ҳудудини сув босган, 18 945 киши қутқарилди ва хавфсиз жойга кўчирилди, – дейилган ҳисоботда.
Президент Қосим-Жомарт Тоқаев табиат ҳодисасидан зарар кўрган Ғарбий Қозоғистон вилоятига борди. Мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, етакчи сафарини сув қоплаган ҳудудлар узра парвоздан бошлаб, кейин Теректин, Сирим ва Қоратўбин туманларидаги аҳвол билан танишган. Сўнгра Қоратўбе марказидаги Казим Жумалиев номли мактаб-гимназияда жойлашган эвакуация манзилига ташриф буюрган.

– Махсус жойлардаги вазият билан танишиш учун келдим, – деди Тоқаев. – Бу мисли кўрилмаган табиий офат. Шунинг учун бирлашиб, офатга умумий куч билан қаршилик кўрсатишимиз керак.

Фуқаролар билан суҳбатда у яқин ўтмишда бундай йирик тошқин бўлмаганига эътибор қаратди. Шунга ўхшаш ҳолат 1994 йил кузатилган, бироқ ўша пайт сув тошиши кўлами ҳозиргидек кенг эмас эди.

Президент қишлоқ аҳлига етказилган зарар ўрнини қоплаш учун давлат томонидан барча зарур чоралар кўрилишини билдирган.

Г.Сатторова,

ЎзА