Оқ уй NASAга Ойда вақтни ҳисоблаш учун ягона стандарт – мувофиқлаштирилганой вақти (LTC) яратиш бўйича кўрсатма берди. Бу Ердаги каби вақт минтақаси тизими эмас, балки Ойда вақтни ҳисобга олишнинг ўзига хос усули бўлади.
Гап шундаки, Ойнинг тортиш кучи Ерникига нисбатан кучсиз ва Ернинг табиий йўлдошида вақт тезроқ ўтади, яъни кунига 58,7 микросекунд олдинда. Орадаги бир сониялик фарқ 46-47 йилда тўпланади.
Бир қарашда, кўп эмас, лекин космик парвозни синхронлаштириш учун шу фарқ ҳам сезилиши мумкин.
Шотландия астрономи, профессор Роял Кетрин Хейманс ВВСга берган интервьюсида шундай деди:
– Коинотимиздаги тортишишнинг асосий назарияси оқибати жуда муҳим. Вақт фазонинг турли жойида турлича ўтади. Ойда тортиш кучи бироз заиф, соат бошқача ишлайди.
Маълумки, Ер вақти бутун сайёрада жойлашган юзлаб атом соатлари билан ўлчанади. Бу соатлар атомнинг ўзгарувчан энергия ҳолатини аниқлайди ва вақтни наносония аниқликда қайд этади. Aгар шундай атом соати Ойга жойлаштирилса, ярим асрдан кейин Ердаги соатдан бир сония олдинга ўтган бўларди.
– Ойда атом соати Ердагидан фарқли тезликда ишлайди, – дея тасдиқлади NASA Космик алоқа ва навигация хизмати раҳбари Кевин Коггинс. – Шунинг учун бошқа фазовий жисм, масалан Ой ёки Марсга учганда ўзига хос маълумотнома керак бўлиши мантиқан тўғри.
Дарвоқе, NASA Ой вақтини жорий қилмоқчи бўлган ягона ташкилот эмас. Европа космик агентлиги ҳам ўзининг вақтни ҳисоблаш тизимини ишлаб чиқмоқда.
AҚШ 2026 йилга келиб, Ойга жўнатилиши режалаштирилган бошқариладиган миссия давомида LTC жорий қилишни истайди.
“Aртемис-3” миссияси 1972 йилги “Aполлон-17”дан кейин Ой юзасига қўнадиган илк машина бўлиши ваъда қилиняпти. Космонавтлар гуруҳини Ойнинг жанубий қутбига қўндириш режалаштирилмоқда. Ўша жойда қуёш нури ҳеч қачон тушмайдиган кратерларда музлаган сувнинг беҳисоб захираси борлиги тахмин қилинмоқда.
Умуман, “Aртемис-3” Ойга режалаштирилган кўплаб давлат ва хусусий миссиялардан бири. Агар ушбу экспедициялар ўртасида вақт тўғри мувофиқлаштирилмаса, зарур маълумотни жўнатиш ёки космик кема, сунъий йўлдош ва Ер ўртасидаги алоқани сақлашда жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Г.Сатторова,
ЎзА