Буюк Британия ва АҚШ сунъий интеллект технологиялари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликка оид битим имзолади. Мазкур келишув дунё миқёсида айни мазмундаги илк ҳужжат, деб ёзди “Financial Times” газетаси.
2023 йил октябрда Бош вазир Риши Сунак Буюк Британияда сунъий интеллект хавфсизлиги билан боғлиқ масалани ўрганадиган ер юзидаги биринчи институт ташкил этилиши ҳақида баёнот берган эди. Кейинроқ АҚШ ҳам худди шундай илмий-тадқиқот институти ташкил этишини эълон қилди.
– АҚШ ва Буюк Британия биринчи бўлиб сунъий интеллект моделларига таъсир этадиган таҳдидни баҳолаш бўйича расман ҳамкорлик ўрнатди, – дейилган мақолада.
Ҳужжатни Вашингтонда Британия фан, инновация ва технологиялар вазири Мишель Донелан ва АҚШ савдо вазири Жина Раймондо имзолади. Келишув икки томон институтига орттирилган тажрибани алмашиш, бир-бирига ходим жўнатиш имконини беради. Муассасалар “Google” ва “OpenAI” каби компаниялар томонидан яратилган сунъий интеллект моделларини мустақил равишда баҳолаш устида ҳам бирга иш олиб боради.