Гиперактивлик бузилиши болаларда энг кенг тарқалган нейроривожланиш касалликларидан биридир. Мактаб ёшидаги болаларнинг тахминан 3-5 фоизи гиперактив. Гиперактив болалар кўп гапиради, тез-тез бошқалар гапини тўхтатади, уй вазифасини бажара олмайди. Улар жуда сабрсиз ёки асабий ҳолатда бўлишади.

Гиперактивлик кўз касаллиги билан ҳам боғлиқми? Маълумки, руҳий бузилишлар инсоннинг кундалик фаолияти ва умуман ҳаётига таъсир қилувчи турли хил белгилар ва аломатларга эга. Гиперактивлик, аутизм, итоатсизлик каби касалликлар руҳий бузилишлар шаклига киради. Бунда гиперактивликнинг кўз касаллиги билан қандай боғлиқ жиҳатлари бор?

Офтальмолог шифокор Зулфия Мақсудова мавзу юзасидан қуйидагиларни гапирди.

– Жуда кўп ота-оналардан шу ҳақда мурожаат бўлади. Улар болам мактабда жойида тинч ўтирмайди, яхши ўқимайди, талаб қилсангиз ҳам ёзмайди, ҳеч нарса билан астойдил шуғулланмайди, дея нолишади. Аммо кўпчилиги болалардаги бу ҳолатнинг сабабларига эътибор бермайди. Бу ҳолатда болани тиббий кўрикдан ўтказишда комплекс ёндашув зарур.

Ўрганишларга кўра, гиперактив болалар аксариятининг кўзи яхши кўрмаслиги аниқланган. Тасаввур қилинг, кўзи яхши кўрмаган болага атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам, ўқиш ва ёзиш ҳам қизиқ эмас. Гиперактивлик асаб тизимининг мувозанатсизлиги белгиси бўлиб, бундай болаларда эътиборсизлик ва импульсив хатти-ҳаракатлар яққол сезилади.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, гиперактивлик ўғил болалар орасида кенг тарқалган. Ушбу руҳий бузилишда барқарор гиперактивлик, эътиборсизлик ва импульсив хатти-ҳаракатлар кўринади. Болаларда гиперактивлик белгилари одатда мактабга киришдан олдин пайдо бўлади.  Бу вазиятда болага тиббий кўмак зарур. Болаларнинг уйдаги ва мактабдаги муаммолари махсус тиббий хизмат кўрсатиш орқали анча камаяди.

Бунинг учун бола организми ҳеч бир дориларсиз нейрофизиологик балансга келтирилади. Бола организмидаги пульс ва нафас олиш бир-бирига мослаштирилиши керак. Бу терапия био-бошқарув дейилади. Шунингдек, кўзни текширишда боланинг кўз рақамлари ўлчанади, кўз мушаклари ва ҳаракатлари текширилади, кўз қорачиғи кенгаяди ва кўз ичи тузилмалари баҳоланади. Керакли муолажалар амалга оширилганидан  сўнг, болалардаги гиперактивлик пасая бошлайди.

Кўзлар болаларга дунёни ўрганиш ва мулоқот қилишда муҳим роль ўйнайди.

Тўғри, болаларда учрайдиган кўз касалликларининг баъзи турлари туғма ҳисобланади. Аммо сўнгги пайтларда телефон ва компьютер ўйинларига муккасидан кетиш натижасида болаларда кўз касалликлари кескин кўпайган.  Энг ёмон томони, бола ўзида кечаётган кўз касалликларини тушунмайди ва ота-она ҳам буни  тез  илғамайди. Кўзнинг яхши кўрмаслиги йиллар ўтган сари боланинг билим савиясининг пасайишига ҳамда бошида оғриқ пайдо бўлишига сабаб бўлади. Келажакда кўзнинг кўриш нерви яхши ривожланмаслиги ҳисобига кўриш анализатори тўлиқ ишламайди.

Болалардаги кўз касалликлари, кўриш нуқсонлари ва кўз соғлиғи билан боғлиқ муаммолар эрта ёшда аниқланса, самаралироқ даволанади. Шунинг учун болаларнинг кўз соғлиғини ҳимоя қилиш ва яхшилаш учун мунтазам равишда кўзни текшириш муҳимдир.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА