2023 йил давомида Россия – Украина ҳамда Исроил – ХАМАС зиддияти, шунингдек дунёнинг бошқа минтақаларида кечаётган қуролли тўқнашувлар минглаб бегуноҳ аҳоли вакиллари умрига зомин бўлди, миллионлаб одамлар уйларини ташлаб кетишди.
Бундай даҳшатли воқеликни тан олган ҳолда, қароргоҳи Сеул шаҳрида, Глобал коммуникациялар департаментида жойлашган БМТ ECOSOC тузилмаси ҳузуридаги “Юксак маданият, бутун дунёда тинчлик ва зиё тарқатиш” (HWPL) халқаро ташкилоти Тинчликни мустаҳкамлаш ва урушга барҳам бериш тўғрисидаги декларация (DPCW) эълон қилинганига саккиз йил тўлиши муносабати билан халқаро конференция уюштирди.
Бугунги кунда 170 давлатда тинчликпарварлик фаолиятини амалга ошириб келаётган HWPL тузилмаси DPCW эълон қилинган сана, яъни 2016 йил 14 мартдан бошлаб мунтазам равишда тинчликни институционаллаштиришни тарғиб қилиб, ҳар йили хотира тадбири ўтказади.
– Бу гал онлайн ва офлайн тартибда ташкил этилган конференция жами 12 500 нафар турли соҳа экспертларини бир жойга тўплади, – деди тузилманинг МДҲ бўйича матбуот хизмати раҳбари Мария Захарченко ЎзА мухбирига. – Сиёсат, ҳуқуқ, дин, таълим, медиа ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар соҳалари вакиллари тегишли масалаларда фикр алмашди. HWPL ташкилотининг, тахминан, 10 минг аъзоси тадбир ва хотира маросими ўтказилаётган жойда ҳозир бўлишди.
Анжуман “Тинчликни англашни шакллантириш: маданиятлараро мулоқот ва институционаллашган тинчлик учун ўзаро тушуниш” деб номланди.
Тинчликни институционаллаштиришдан кўзланган мақсад юқорида тилга олинган декларация тамойили асосида турли соҳаларда тинчликни чуқур илдиз оттиришдан иборат. Умуман, тинчлик кундалик, барча фуқаролар истаганидек, маданий ва ижтимоий меъёрга айланиши лозим. Институционаллашган тинчлик қуйидаги соҳаларни қамраб олади: халқаро ҳуқуқ, таълим, ҳуқуқни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшлар имконияти, тинчлик йўлида динлараро мулоқот, тинчлик маданиятини рағбатлантириш сиёсати, тинчлик медиаси, атроф-муҳитни асраш, фавқулодда вазиятда ёрдам бериш.
15 давлат халқаро ҳуқуқ экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган DPCW декларацияси 10 модда, 38 банддан иборат. Ҳужжат низоларнинг олдини олиш ва юзага келган муаммони ҳал қилиш, тинч глобал жамиятни ривожлантириш, мустаҳкам тинчликка эришишда шахс, жамоа ва мамлакатларнинг аниқ ролини белгилаш учун зарур бўлган тамойил ва воситаларни белгилаб берган.
Тадбирда қайд этилганидек, тинчлик лойиҳаларини амалга оширишда кўрсатилган садоқат ва фидойилик нафақат таҳсинга сазовор, балки янада уйғун дунёга пойдевор бўла олади. Айрим шахсларнинг тинимсиз саъй-ҳаракати ва ташкилотларнинг урушларни тугатиш ва халқлар ўртасидаги ўзаро англашни ривожлантиришга қаратилган умумий мақсад йўлидаги фаолияти ҳақиқатан ҳам барчани илҳомлантиради. Диний етакчиларнинг тинчликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатида, жумладан, турли динлар муқаддас битикларини қиёсий ўрганиш муҳим. Маданиятлараро мулоқот ва бир-бирини тушуниш диннинг илдизи бир, маъноси чиндан ҳам олижаноб қадриятдир.
Низолар глобал тинчликка таҳдид солаётганини таъкидлаган HWPL раиси Ли Ман Хи турли динлар бирлашиши, бир-бири қадриятини ўрганиши ва муқаддас битикларни қиёсий ўрганиш орқали бирлашиши кераклигини таъкидлади. Диний жамоалар ер юзида инсоният билан яшаш учун Муқаддас битикларга асосланган эътиқодга амал қилиши зарур. Диндан қатъи назар, кишилар ўзаро мулоқотга киришадиган, ҳамкорлик қиладиган ва бир-бирига ёрдам берадиган дунёни яратишимиз керак, деди у.
Тадбир тинчлик йўлини акс эттирувчи турли саҳна кўринишлари билан якунланди. Саҳнада DPCW декларацияси модда ва бандлари мазмун-моҳияти намойиш қилинди.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА