Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши аъзолари беш ойдан кўп давом этган баҳс ва вето қилинган беш резолюция лойиҳасидан сўнг, 25 март куни Ғазода Исроил ва ХАМАС ўртасида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни муваффақиятли қабул қилди.

Қўшма Штатлар бетараф қолган, 14 аъзо ёқлаб овоз берган ҳужжатга кўра, Рамазон ойида ўт очишни тўхтатиш, Исроиллик асирларни озод қилиш ва Ғазога гуманитар ёрдамни кучайтириш ифодаланган.

Афсуски, кўпчилик таҳлилчилар мазкур резолюция урушни тўхтатиш кучига эмас, балки рамзий маънога эга ва бу ҳаракатлар ҳали етарли эмас, демоқда.

 

Резолюция мажбурийми?

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфильд Қўшма Штатлар ушбу мажбурий бўлмаган резолюциядаги айрим бандларни қўллаб-қувватлашини айтди. Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер ҳам журналистларга бу мажбурий бўлмаган келишув эканини уқтирган. Ҳолатга расмийлар ва Хавфсизлик Кенгаши аъзолари эътироз билдирди. Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Жун ХК резолюциялари мажбурий, дея баҳолади. Ташкилот матбуот хизмати резолюция халқаро ҳуқуққа дахлдорлиги боис мажбурийлигини қўшимча қилган.

Агар БМТ ХК резолюциясига риоя этилмаса, кенгаш қонунбузарликни кўриб чиқадиган кейинги резолюцияга овоз бериши ва санкция, ҳатто, халқаро кучлар иштироки шаклида жазолаши мумкинлигига урғу берди.

Исроил тарихда бир неча бор БМТ резолюцияларини бузиб, кейин қутулган. 2016 йил декабрда, Барак Обама президентлик муддатининг сўнгги кунларида ХК Исроилнинг Фаластиндаги уй-жойларини ноқонуний деб, халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида баҳоловчи резолюцияни қабул қилди. Ўшанда ҳам ҳужжат бетараф АҚШдан ташқари барча 14 овоз билан қабул қилинган. Исроил эса қарорни эътиборсиз қолдирган. 2023 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан ушбу низо бўйича гуманитар сулҳ тузишга чақирди. Бу мажбурий бўлмаган резолюция эди ва Исроил яна амал қилишдан бош тортди.

 

БМТ резолюцияси урушни тўхтатадими?

Навбатдаги ҳужжатда умид қилинишича, Рамазон ойида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш билан узоқ муддатли ва барқарор тин олишга эришилади. Душанба куни, овоз беришдан бироз олдин, ҳужжат матнидан “доимий” сўзи олиб ташланди. Шундан сўнг Россия Исроил Рамазондан кейин Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини хоҳлаган пайт бошлаб юборишидан хавотир билдирди. Қўшма Штатлар Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб беришни ҳалигача тўхтатмади ва Исроил хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини такрорлашдан чарчамаяпти. Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик масаласи бўйича вакили Жон Кирби душанба куни журналистларга шундай деди:

– Бизнинг овозимиз сиёсатимиздаги ўзгаришни англатмайди.

 

Бу резолюциянинг ўзига хослиги нимада?

Ўтган ҳафта жума куни АҚШ томонидан таклиф қилинган резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйиб, Жазоир қарши овоз берган, Гаяна эса бетарафлигини билдирган эди. Ҳужжатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларни ХАМАСни молиялаштиришни чеклаш орқали бостиришга чақирилган, гуруҳнинг ўзи қораланган. Душанба кунги келишувда эса ХАМАСга қарши жумла ишлатилмаган. Исроил эса сулҳни асирлар озод қилиниши билан боғланмагани учун танқид қилди.

 

Резолюция АҚШ – Исроил зиддиятини чуқурлаштирдими?

АҚШ 25 мартдаги лойиҳада олдинги уч ҳужжатдан фарқли ўлароқ, масалага ёндашувини ўзгартириб, бетараф қолди. Исроил делегациясининг АҚШга сафари бекор қилингач, икки мамлакат ўртасида кескинлик кучайди. Исроил мудофаа вазири Ёав Галлант АҚШда Блинкен билан учрашган, Галлантга Рафоҳ шаҳрига қуруқлик орқали бостириб киришдан тийилиш кераклиги айтилган. АҚШ сиёсий позициясини билдиришига қарамасдан, Исроил Бош вазири ижтимоий тармоқда Қўшма Штатлар БМТдаги сиёсатидан воз кечганини ёзди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ижтимоий тармоқ орқали ҳужжатга шундай муносабат билдирди:

–Ғазо очлик ёқасида, камида 32 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Ушбу резолюция бажарилиши керак!

Сардор Поёнов, ЎзА