Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2023 йилда бажарилган ишларга оид анжуман ўтказилди.

Таъкидланганидек, 2023 йил давомида «Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали», «Toшкент-2023» II халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми, IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилди. Илк бор Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, шу билан бирга Венгрия рассомларининг халқаро «Турк дунёси рассомларининг учрашуви» ижодий кўргазмаси бўлиб ўтди.

«Туркий халқлар нафис санъати (тасвирий санъати) академияси»ни ташкил этиш бўйича I халқаро йиғилиш юксак савияда ўтказилди.

Йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири – мамлакатимизда илк бора Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда «Art Gallery» аукцион уйи фаолияти йўлга қўйилди. Аукцион уйининг асосий мақсади – хориждаги нуфузли аукцион уйлари билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро арт-ярмаркаларни ташкил этиш, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини хорижда тарғиб этишдан иборат.

2023 йилнинг май ойида Ўзбекистон тарихида илк бора тасвирий санъат асарлари аукциони муваффақиятли ўтказилди.

Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъат асарларидан иборат 48 саҳифали «Моҳир ижодкорларнинг ижодий меросидан Ўзбекистон тасвирий санъати» номли каталог чоп этилди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо рассомларимиз 2023 йилда Бельгия, Венгрия, Польша, Голландия, Франция, Италия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Ҳиндистон, Россия, Қирғизистон, Хитой Халқ Республикасида ижодий сафарда бўлиб, халқаро кўргазмаларда иштирок этди.

Бадиий академия тасарруфидаги кўргазма залларида эса 2023 йилда Франция, Чехия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон тасвирий санъат вакиллари кўргазмалари ташкил қилинди.

Ўзбекистон Бадиий академиясига 9 нафар ҳақиқий аъзо тасдиқланди. Шу билан бирга Қозоғистоннинг атоқли рассоми, «Қозоғистон Республикаси Бадиий академияси» жамоат фонди президенти Aмандос Aканаев Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий аъзоси этиб тайинланди.

Ҳайкалтарошлик йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

 

Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА