Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган профессионал бокс оқшомида россиялик Магомед Қурбоновни мағлуб этиб, WBAнинг чемпионлик камарини қўлга киритган истеъдодли боксчимиз Исроил Мадримов Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Ватанимиз шарафини улуғлаган боксчига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси бўлган автомашина калити тантанали равишда топширилди.

Рингдаги жангларнинг шиддати сингари боксчилар ҳам ўта қизиққон бўлади. Жаҳон бокс юлдузларини оласизми, ўзимизнинг яқин ўтмишдаги номдор чарм қўлқоп усталаримизними, ҳаммасида боксчиларга хос характер —ўзига нисбатан ўта талабчанлик, фавқулодда шижоат, билдирилган фикрга тезкор муносабат каби бир қатор умумлашган хислатлар мужассам. Аммо, улар орасида жаҳон боксининг янги чемпиони сифатида бўй кўрсатган ҳамюртимиз Исроил Мадримов бошқа чарм қўлқоп усталарига ўхшамаган вазминлиги, ўта босиқлиги, мулоҳазакорлиги билан кўпнинг эътиборини тортган.

Исроил илк бор бокс билан Хивада шуғуллана бошлаган. Чирчиқ олимпия захиралари спорт мактабида устози Тўлқин Қиличевдан бокснинг чинакам сир-асрорларини ўрганган. У қўлқоп зарби, ринг тафтидан терга ботиб, мураккаб вазиятларга тушган чоғларида ҳам, кичик мусобақалар, синама машқлар, жанглардаги ноҳақликларга дуч келганда ҳам сабр қилди, оғир-вазминликдан воз кечмади. Устозининг ўгитлари ва маслаҳатига қулоқ солди. Чидамлилиги, бардошлилиги, ёрқин ғалабалар келишига бўлган ишонч уни бир дақиқа тарк этмади. Бу сабр-қаноат ва устозларининг йўл-йўриғи уни бокснинг улуғвор ва матонатли катта йўлига олиб чиқди.

Маълумот учун, Исроил Мадримов 1995 йили Хоразм вилояти, Хива туманида таваллуд топган. Ҳаваскор боксда 104 та жанг ўтказиб, 84 тасида ғалабага эришган Осиё ўйинлари совриндори (2014) ва ғолиби (2018), қитъа чемпиони (2017). Профессионал боксдаги илк жангини 2018 йилнинг 24 ноябрь куни АҚШда мексикалик Владимир Эрнандесга қарши ўтказиб, рақибини 6-раундда техник нокаутга учратган. Шундан бери у катта боксда 12 та жанг ўтказиб, 11 тасида ғалаба қозонган ва 1 тасида дуранг натижа қайд этган.

Ҳамюртимиз Исроил Мадримовнинг профессионал боксдаги фаолияти давомидаги энг юқори нуқтанинг бошланиши сўзсиз жорий йил 9 март куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган бокс оқшомида россиялик Магомед Қурбоновни 5-раундда нокаутга учратиб, энг ўрта вазн тоифасида WBAнинг янги жаҳон чемпионига айланган куни бўлиб қолади.

Ватан шуҳратини улуғлаган, мамлакатимиз ёшларининг куч-қудратини жаҳон рингида намойиш этган Исроил Мадримов Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс федерацияси, кенг жамоатчилик вакиллари, спорт журналистлари иштирокида тантанали кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида иштирок этган спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов, мамлакат спорт фахрийлари кенгаши раиси Б.Махситов, Ўзбекистон бокс федерацияси, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вакиллари ва бошқалар Исроилнинг профессионал боксда жаҳон чемпионлигига эришиши мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан бокс ривожига давлат даражасида эътибор қаратилишининг маҳсули бўлганини таъкидлашди.

Шунингдек, ушбу муваффақият ўзбек бокс мактабининг ғолиблик анъаналари бардавом экани, юзлаб ёш спортчиларни янги ғалабаларга чорлаши, минг-минглаб оилаларда спортга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани билдирилди.

Кутиб олиш тантаналари давомида WBA йўналишида жаҳон чемпиони Исроил Мадримовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси бўлган “Chevrolet Tahoe” автомашинасининг калити топширилди.

– Мен бундай шарафга эришишни анча кутдим. 2018 йили профессионал боксда дебют қилган бўлсам, ўтказган ҳар бир жангим, ҳаракатим жаҳон чемпионлиги камарига эга чиқишга қаратилганди. Шукрки, мақсадимга эришганимдан хурсандман. Бу ғалабам ортида устозларимнинг, хорижий ҳамкорларнинг, Ўзбекистон бокс федерацияси жамоасининг алоҳида хизматлари борлигини таъкидлашни истардим. Бу ўзбек боксчилари дунёда енгилмасларни ҳам енгишга қодирлигини кўрсатиб бераётган дамлар янада кўп бўлишидан далолат. Мазкур ғалаба олдинда бизни кутиб турган шиддатли жанглар, чемпионлик учрашувларининг остонаси бўлиб қолишини ният қилмоқдаман, – дейди Исроил Мадримов.

Дарҳақиқат, шундай бўлишини қалб-қўримиз билан истаган ҳолда тарихга назар ташласак, бундан 20-25 йиллар муқаддам биргина Артур Григоряннинг ғалабаларидан хурсанд бўлиб юрган бўлсак, кейинчалик профессионал боксда ўзига хос юришни бошлаган Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Тимур Ибрагимов, Дилшод Ёрбеков каби классик боксчиларимизга мухлислик қилдик.

Аммо жаҳон профессионал бокс майдонига Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Бектемир Мелиқўзиев, Отабек Холматов, Шаҳрам Ғиёсов каби ўзбек боксининг ўнлаб навқирон ва шиддатли авлодининг кириб келиши бокс дунёсига ҳам ўзгача руҳ бағишлади.

Бундан тўрт йил муқаддам – 2020 йилнинг 30 январида Муроджон Аҳмадалиев профессионал бокснинг IBF ва WBA йўналишларида америкалик Даниел Романни мағлуб этиб, чемпионлик камарини қўлга киритиши ўзбек бокс тарихининг янги зарварағи битилишига сабаб бўлганди. Исроил Мадримовнинг россиялик машҳур боксчини таслим этиб, WBA чемпионлик камарига эга чиқиши ўзбек бокс қудрати жаҳон профессионал бокс майдонида нечоғли шиддатга эга эканини яна бир карра намойиш этди.

Бугун Аҳмадалиев бошлаб берган чемпионликнинг шонли ва шарафли йўлини давом эттираётган собиқ мутлақ чемпион Жермелл Чарло ва WBO камари эгаси Тим Цзю сингари Исроил Мадримовни ESPN биринчи ўрта вазннинг етакчилари сафида талқин этмоқда.

Билдирилаётган ишонч, кутилаётган умид ўз ўзидан юз бермайди. Унинг ортида катта ғалабалар, профессионал бокснинг халқаро майдондаги мавқеини ўзбекистонлик истеъдодли боксчиларнинг шаҳду-шиддати орқали мустаҳкамлаш масаласи мужассам.

Бугун жаҳонда халқаро бокс жангларининг жозибасини ошириш, миллионлаб бокс фанатларини уйғотиш, уларни ринг атрофидаги шов-шувларга ошуфта этиш учун айнан Исроил, Баҳодир, Муроджон ва Бектемирга ўхшаган ўзбекнинг мушти, “олтин авлоди” жуда-жуда керак.

Биз авваллари дунёга талпинган бўлсак, бугунга келиб дунё жамоатчилиги Европа, Америка, Осиё қитъасининг ўнлаб давлатларида ташкил этиладиган бокс кечалари, улуғвор тантаналарда ўзбек ўғлонларини ўз сафларида кўрмоққа интиқлигини билдирмоқда. Айни ҳолат янгиланаётган Ўзбекистон спорт соҳасида ҳам ўзининг мафтункор қиёфасига эга бўлиб бораётганини англатмоқда.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА мухбири