Aмарант сўзи қадимги славян тилида «ўлимни инкор этиш», «абадийлик» маъносини англатади. Грекчада эса «сўлимайдиган гул» маъносини билдиради. Чунки, қуритилган амарант 3-4 ой давомида ўз шаклу-шамойилини саклай олади.

Қадимги славян табобатида ушбу ўсимлик қаришга қарши восита сифатида ишлатилган. Марказий Aмерика халқлари – инклар ва атстеклар, қадимий этруссклар ва эллинлар ҳам уни мангу ҳаёт белгиси деб ҳисоблашган.

Гултожихўроз ўсимлигининг асл ватани Жанубий Aмерика. Бу ўсимлик кейинчалик Шимолий Aмерика, Ҳиндистон, Осиё мамлакатлари Хитойгача тарқалган. Ҳозирда у Ҳиндистон, Покистон, Непал ва Хитойнинг тоғли аҳолиси орасида донли ва сабзавот ўсимлиги сифатида кенг оммалашган. Европа мамлакатлари, жумладан, Россия ва Украинада етиштирилаётган бу ўсимликдан тиббиётда, пазандачиликда, косметологияда, халқ хўжалигининг турли тармоқларида кенг фойдаланилмоқда. Aйрим мамлакатларда амарант тўпгуллари ва барглари учун декоратив ўсимлик сифатида ҳам етиштирилади. Унинг 65 та нави ва 900 дан ортиқ турлари мавжуд.

Республикамизда амарант, асосан, манзарали экин сифатида етиштирилади. Хўроз тожини эслатувчи «гултожихўроз» деб ном олган қизил рангдаги амарант ўлкамизда кенг тарқалди. Илмий тадқиқотлар давомида аниқланишича унинг мойи тиббиётда холестеринни биосинтез қилишда, организмни радионуклид, оғир металл тузларидан тозалашда, юқумли касалликлар, герпес, псориаз, витилиго, нейродермит, экзема, атопик дерматит, ошқозон-ичак яралари, қандли диабет, жигар хасталиги, жинсий органларнинг шамоллаши, атеросклероз, анемия, авитаминоз, стенокардия, гипертония, онкологик ва юрак қон-томир хасталикларидаги муаммоларни ҳал қилишда кенг фойдаланилади. У иммунитетни кескин оширади, камқонликка қарши курашда тенгсиз восита ҳисобланади.

Бу борада бугун ўзбек олимлари томонидан чуқур илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент давлат аграр университети Деҳқончилик ва мелиорация кафедраси профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Холик Алланов ўз тадқиқотлари билан амарант ўсимлигининг кўплаб ноёб хусусиятларини кашф этди.

Биоорганик кимё институти олимлари таҳлили амарант силосидаги оқсил маккажўҳориникига қараганда 6.5 марта юқорилигини кўрсатди. Ушбу ўсимликнинг нафақат тиббиёт, балки қишлоқ ва халқ хўжалигидаги иқтисодий аҳамияти ҳам беқиёс. Ҳозирда унинг мойи билан биргаликда уни, барглари, илдизи, кунжарасини қимматбаҳо витаминли доривор воситалар сифатида экспорт қилиш истиқболлари ўрганилмоқда.

Шунингдек, паррандачиликда тўйимли, сервитамин озуқа сифатида тухум сонининг кўпайишига таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, у косметологияда бебаҳо хом ашё саналади.

Санжар Тошпўлатов,  

Улуғбек Тўхтаев, ЎзА