Кеча таэкондо WТ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари «Париж-2024» Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақада иштирок этиш учун Хитойга етиб борди.

Жорий йилнинг 15-16 март кунлари Хитойнинг Таян шаҳрида ўтадиган таэквондо WТ бўйича «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи муҳим мусобақада қитъанинг энг кучли таэквондочилари иштирок этади.

Хитойда бошланадиган мазкур мусобақа дастурига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси учун ушбу турнирда бир нафардан эркак ва аёл спортчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи тақдим этилган.

Мураббийлар кенгашининг қарорига биноан Жасур Жайсунов 80, Озода Собиржонова эса 67 килограммлик вазнларда ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш йўлидаги жангларда иштирок этишади.

Эслатиб ўтамиз, юртимиз таэквондочиларидан Улуғбек Рашитов (68) ва Светлана Осипова (+67) Халқаро таэквондо федерацияси рейтинги орқали «Париж-2024» йўлланмаларига эга чиққан.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА