Халқаро жиноий суд (ХЖС) раиси алмашди. Янги муддат – 2024-2027 йиллар учун раҳбарликка япониялик Томоко Аканэ сайланди.

Халқаро жиноий суд президиуми аъзолари уч йиллик муддат билан сайланади.

***

Польша ўз ҳудудида АҚШ чекланган ҳарбий қўшинлари кўпайтирилишини режалаштиряпти, деб хабар тарқатди RMF FM радиоси Президент Анжей Дуданинг Миллий хавфсизлик кенгашидаги чиқишига таяниб.

Аввалроқ ушбу мамлакатда Американинг 10 минга яқин аскари мавжудлиги маълум қилинган эди.

***

РФ АҚШ ва НАТО билан тўғридан-тўғри зиддиятни ҳоҳламайди, дейилган Америка разведкаси директори офиси эълон қилган йиллик маърузада.

Ҳужжат муаллифлари Россияни “душманга қарши туриш қобилиятига эга ва барқарор” дея баҳолаган.

***

Агар Тель-Авив Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни Рафоҳ шаҳригача кенгайтирадиган бўлса, АҚШда Исроилга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамни қисқартириш масаласи кўтарилади, деб ёзди “Politico” газетаси.

***

Туркияда сайлов арафасида портлаш уюштирмоқчи бўлган 33 нафар гумонланувчи ҳибсга олинди. Улар 31 март куни ўтадиган маҳаллий сайловда портлаш содир этишга тайёргарлик кўраётган экан.

Тинтув вақти қурол, ўқ-дори, тақиқланган адабиёт ва кўп миқдорда валюта мусодара қилинди, деди мамлакат ички ишлар вазири Али Эрлиқоя.

***

Танзанияда денгиз тошбақаси гўшти еган тўққиз инсон вафот этди, 78 киши касалхонага тушди, деб ёзган “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги.

Изоҳ берилишича, ушбу жонивор этини истеъмол қилиш маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган. Мутахассислар хулосаси айни жараён доимийлик касб этса, хелонитоксизм (овқатдан заҳарланишнинг бир тури) хасталиги орқали ҳалокатга олиб келишини тасдиқлайди.

***

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин Россия Федерацияси Президенти сайловида тузилма кузатув миссиясига раҳбарлик қилади. Жамоа таркибига 17 киши киритилган.

***

Тожикистонда 2023 йил декабрь ойида расман рўйхатдан ўтган ишсизлар сони 48,3 минг кишини ташкил этган. Республика Меҳнат вазирлиги Меҳнат ва бандлик агентлиги маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 9,7 фоиз пасайган. Жами ишсизларнинг 46,3 фоизи аёллар.

***

Швеция либерал партияси интернет-гигантларга кескин талаб қўйиладиган таклиф устида иш олиб боряпти. Масалан, янги тартибга кўра, 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоққа обуна бўлиши ота-она томонидан тасдиқланиши керак.

– Шу йўл билан биз ота-оналарга ёрдам беришни истаймиз, – дейди партия етакчиси Йохан Персон.

***

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоботида айтилишича, Суданда ҳар ўн кишидан тўққиз нафари фавқулодда юқори даражада очликни бошдан кечирмоқда. Оч аҳоли, айниқса, шафқатсиз зўравонлик кечаётган, уришаётган томонлар аралашуви туфайли бориб бўлмайдиган туманларда ҳаёт кечирмоқда.

Нотинчлик натижасида аҳоли кўчиши билан боғлиқ кучли инқироз юзага келган. Айни пайт Суданда 18 миллион, қўшни Жанубий Судан ҳамда Чадда бир миллион киши егулик етишмавчилигидан азият чекмоқда.

С.Раҳимов,

ЎзА