Ўзбекистон велоспорт федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев расмий ташриф билан Италияга ташриф буюрди.
Козим Ўринбойхўжаев у ерда Италия велоспорт федерацияси раиси Кордиано Дайнони ҳамда бош котиб Марселло Гавино Толу билан учрашди. Ўзбекистонда велоспортни янада ривожлантириш, икки мамлакат федерациялари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда аёллар велоспортини ривожлантиришни назарда тутувчи меморандум имзоланди.
Шунингдек, келишув давомида икки мамлакатда ўртоқлик турнирлари ва ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, терма жамоа мураббийлари ҳамда спортчилар ўртасида тажриба алмашиш дастурларини яратиш, Ўзбекистонда “BMX“ ва ”Mauntinbayking“ каби Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган йўналишларни янада ривожлантириш масалалари қўриб чиқилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА