Беш ойдан кейин Франция пойтахтида бошланадиган “Париж-2024” Олимпия ўйинлари очилиш маросимида қанча томошабин бевосита иштирок этиши кейинги пайт халқаро спорт жамоатчилиги томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Айни пайт мамлакат ички ишлар вазири Жеральд Дарманин Сена дарёси бўйида ўтадиган тадбир учун 326 минг чипта сотилиши ёки тарқатилишини тасдиқлади.
Аввалроқ янги фарматда ташкил этилаётган мазкур байрамда 2 600 000 томошабин қамраб олиниши айтилганди.
Мулозимнинг сўзларига кўра, Сена дарёсига яқин майдон чиптаси учун пул тўлаган 100 минг нафардан зиёд томошабин ва юқоридан кўриш ҳудудидаги 220 минг бепул чипта эгаси тантанани кузатиб боради. Дарё ёқалаб ўтадиган спортчиларга 326 нафар кўнгилли ҳамроҳлик қилади. Бундан ташқари 26 июль куни сув бўйида, очиқ осмон остидаги парадни воқеага яқин бинолардан 200 мингдан зиёд, пойтахт фан-зоналаридан 50 минг киши томоша қилиш имконига эга бўлади. Бу Париж Олимпиадаси очилишига бағишланган анжуман тахминан 600 минг инсон кўз ўнгида бўлиб ўтишини англатади.
“Пекин-2008”, “Лондон-2012” ва “Токио-2020” очилиш маросимларидан ҳар жиҳатдан устунликка эришиш мақсад қилинган Париж Олимпиадасида 180 та қайиқ Сена бўйлаб олти километрга яқин масофани босиб ўтади. Ушбу қайиқларнинг 94 тасида спорт делегациялари ўрин олиши назарда тутилган.
Т. Рўзиев, ЎзА