Мамлакатимиз спортчилари орасида авваллари халқаро майдонда жаҳон ёки қитъа чемпионатларида ном қозонган, дунё спорт ихлосмандлари эътиборини ўзига қарата билган хотин-қизларимиз бармоқ билан санарли эди.
Фристайлда Лена Черязова, бадиий гимнастикада Оксана Чусовитина, теннисда Ирода Тўлаганова, трамплинда сакрашда Екатирина Хилько, енгил атлетикада Гўзал Хуббиевага ўхшаган 4-5 та спортчиларни халқимиз биларди.
Давлатимиз томонидан хотин-қизлар спортини ривожлантириш, улар орасидан профессионал спортчилар сафини кенгайтиришга берилаётган алоҳида эътибор натижасида кейинги 6-7 йил оралиғида кўплаб спорт турларида жаҳоннинг манаман деган кучли аёл спортчилари ҳисоблашишга мажбур бўлган Ўзбекнинг ўнлаб «Барчиной»лари бўй кўрсатди. Жаҳонда Ўзбекистоннинг ҳам шаҳду шижоати баланд, салоҳияти юқори спортчи қизлари борлигини намойиш этди. Бугун уларни дунё спорти билади. Маълум бир мусобақаларда уларнинг иштирокини, саралаш баҳсларини кузатиб боради, ўрганади.
Таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Светлана Осипова, бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова, енгил атлетикада Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, қиличбозликда Зайнаб Дайибекова, дзюдода Диёра Келдиёрова, шахматда Афрўза Ҳамдамова, теннисда Нигина Абдураимова иштирок этаётган мусобақаларда рақиблари, уларнинг мураббийлари янги техник-тактик усулларни қўллашга ҳаракат қилади.
Спортчи қизларимизнинг ҳар бир машғулотини, мусобақаларда иштирокини таҳлил этишади. Буни улар эришаётган натижалар ўзига хослиги билан ўзбек хотин-қиз спортчиларининг жаҳон спорт майдонидаги салоҳиятини кўрсатиб келаётганининг яққол далили, дейиш мумкин.
Улар орасида дзюдо спорт турида катта ютуқларга эришиб келаётган Диёра Келдиёрованинг алоҳида ўрни бор. Ҳар бир соҳада ва қайсидир йўналишда биринчи бўлиш катта масъулият юклаши билан шукуҳли лаҳзаларни туҳфа этади. Шу маънода, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида таваллуд топиб, катта спортга кириб келган Диёра шундай бахтга биринчи бўлиб эришган дзюдочи қизларимиздан бири саналади. Ҳозирда дзюдо спорт турида 52 килограмм вазн тоифасида жаҳон рейтингини бошқариб келаётган Келдиёрова илк бор 2013 йили катта спортдаги ютуқни қўлга киритган.
Ўшанда Диёра Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида 44 килограммда бронза медалига сазовор бўлганди. 2016 ва 2018 йилларда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган Келдиёрова Жакартада ўтган ёзги Осиё ўйинларида иштирок этди. 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида дзюдо бўйича Осиё чемпионатида 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида у турнир финалида мўғулистонлик Сосорбарамни мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди.
Италияда ташкил этилган ёзги Универсиада ўйинларида, Хитойнинг Ухан шаҳрида кечган ёзги халқаро ҳарбийлар ўйинларида бронза медалларига мушарраф бўлган Диёра 2021 йили Анталияда уюштирилган “Катта дубулға” турнири финалида испаниялик Эстрелла Лопесни мағлуб этиб, 1-ўринни эгаллаши нафақат Диёра учун, балки Ўзбекистон дзюдоси учун тарихий аҳамият касб этди. Ушбу ғалаба туфайли Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирда олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбек спортчиси, деган шарафли номга сазовор бўлди.
«Токио-2020» Олимпия ўйинлари иштирокчиси, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиби ва совриндорлигига эришган Диёра Келдиёрова айни кунларда «Париж-2024» Олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Франция пойтахтида ўтадиган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида муносиб натижага эришиш йўлида ўтказилаётган саралаш ва рейтинг турнирларида кўзга кўринарли ютуқларга эришмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг илк ойларида «Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколари ўйналган Португалия Гран-приси ва Бокуда ўтган “Катта дубулға” турнирида олтин медалларга эга чиққани Диёранинг Франция татамиларида кечадиган Олимпия ўйинларига жиддий тайёргарлик кўраётганидан далолат дейиш мумкин.
Ҳозирда Халқаро дзюдо федерацияси ва «Париж-2024» Олимпиадаси рейтингида 52 килограмм вазнда 7984 очко билан биринчи ўринда бораётган Диёра Келдиёрова билан кечган қисқа суҳбатимиз унинг спортга қандай кириб келгани, биринчи мураббийи, ёзги Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари, бунда оиланинг ўрни хусусида бўлди. Суҳбатнинг тўлиқ тафсилотлари билан ЎзАнинг ютуб канали орқали танишишингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев,
Аброр Содиқов (видео), ЎзА