Шу кунларда мамлакатимиз спортчилари олдинда турган нуфузли мусобақалар ва “Париж-2024” Олимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли, янгича асосда йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қарорда олдинда турган Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган барча жиҳатлар белгилаб берилган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Шу билан бирга, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоаларига янги истеъдодларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугун спортда юқори натижага эришиш учун жисмоний куч ва техник тайёргарлик билан бирга юксак маънавий фазилатлар, ақл ва руҳий тайёргарлик ҳам жуда муҳим. Айтайлик, катта майдонга энди қадам қўйган ёш спортчи тажрибали рақибга рўбарў келса, “кучим етармикан” дея ҳадиксираши табиий. Оқибатда баҳсдан олдин руҳан мағлубиятини тан олиб қўйиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда малакали мураббийлар, тиббиёт мутахассислари ва психологлар ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Улар спортчиларнинг иродасини мустаҳкамлаши, ғалабага интилишини кучайтириши, турли допинг воситалари ҳақидаги билимини юксалтириши лозим.

Ҳозир мамлакатимизда барча спорт турлари қатори бокс билан шуғулланаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Айниқса, Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида бокс тўгаракларидан етишиб чиқаётган ёш истеъдодларнинг натижалари таҳсинга лойиқ.

Баҳодир Жалолов, Бектемир Мелиқўзиев, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Исроил Мадримов, Лазизбек Муллажонов, Миразизбек Мирзахалилов, Фазлиддин Ғойибназаров каби бир қатор тажрибали боксчиларимиз ҳаваскор ва профессионал боксда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Осиё ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлмоқда.

Ушбу иқтидорли чарм қўлқоп усталарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш спортдаги ютуқларнинг муҳим омилидир. Шу сабабли ҳам бугун дунё боксида ўзбек ўғлонлари ёрқин ғалабалари билан ўчмас из қолдирмоқда.

Ҳозирда ана шундай муваффақиятларни давом эттираётган боксчиларимиздан бири Абдумалик Халаковдир.

Абдумалик 2000 йилнинг 9 апрель куни Бухорода таваллуд топган. У дастлаб 7 ёшида спорт гимнастикасининг акробатика йўналишида икки йил давомида шуғулланади. Тўққиз ёшида эса дастлаб спорт курашлари ва бокс тўгаракларига боради. Отаси Анвар ака ўзи боксчи бўлгани боис ўғлига мазкур спорт тури билан жиддий шуғулланишини маслаҳат беради. Ёш спортчимиз отасининг бу таклифига қаршилик кўрсатмайди ҳамда илк мураббийи Ҳамид Раҳматов қўл остида бокснинг сир-асрорларини ўрганади.

Маҳаллий мусобақаларда иштирок этиб, хато ва камчиликлар устида ишлаб, машғулотларга зўр берган Абдумалик 2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг 48 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилади ва кумуш медални қўлга киритган ҳолда ёшлар терма жамоаси сафига киради. Орадан бир йил ўтиб эса Ўзбекистон чемпионига айланади. Аста-секин ўз маҳоратини ошириб борган боксчимиз Қозоғистонда ўтган халқаро турнирда кумуш медаль соҳибига айланади ва шундан сўнг халқаро миқёсда ўзини кўрсата бошлайди.

Таиландда 2017 йили ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллайди. 2018 йили Таиланднинг Бангкок шаҳрида ташкил этилган қитъа чемпионатида олтин медаль соҳибига айланади. Шунингдек, шу йили Венгрия мезбонлигида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллайди. Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган III ўсмирлар Олимпия ўйинларининг бокс мусобақасида вазни 56 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида А.Халаков финалда украиналик Максим Галиничевни 5:0 ҳисобида таслим этади ва олтин медалга сазовор бўлди.

Боксчимиз 2021 йил БААда катталар ўртасидаги қитъа биринчилигида бронза, Сербияда ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан юртимизга қайтади. Абдумалик учун 2022 йил ҳам муваффақиятли ўтди. Ушбу йилда у Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган “Странжа” халқаро турнирида ғолиб бўлди. Иорданияда ўтган Осиё чемпионатида барча рақибларини енгиб, ўз медалларига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Ўтган 2023 йил Абдумалик учун катта ютуқларга бой ўтди. Дастлаб, пойтахтимизда ўтказилган жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, у мазкур ғалабаси натижасида жорий йил Париж шаҳрида ўтадиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритади. Ҳаваскор боксда улкан муваффақиятларга эришаётган Абдумалик Халаков 2023  йилнинг ноябрь ойида профессионал боксда илк жангини ўтказди ва унда ғалаба қозонди.

– Бугунги кунга қадар эришган барча ғалабаларим замирида ота-онам дуоси ва мураббийларимнинг хизмати ётибди, – дейди Абдумалик Халаков. Ҳозирда мураббийим Даврон Ғофуров билан олдинда турган нуфузли мусобақаларга ва энг муҳими Олимпия ўйинларига пухта тайёрланяпмиз. Шу ўринда бизга яратиб берилаётган кенг имкониятлар учун ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтаман. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлашига биз спортчилар улкан ютуқларимиз ила жавоб қайтарамиз.

Ҳа, Олимпия ўйинларидек йирик спорт анжуманларида ғалаба қозониш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир олимпиячига доимий эътибор, тинч ва осойишта турмуш, замонавий шарт-шароитда пухта тайёргарлик ҳамда малакали мураббийлар кўмаги керак. Озод ва обод Ўзбекистонимизда бу омилларнинг барчаси мавжудлиги спортчиларимизнинг Олимп чўққисини забт этишига катта умид ва ишонч бағишлайди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА