Бугун, 1 мартдан эътиборан дунё дзюдо ихлосмандларининг нигоҳи пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида бошланаётган “Катта дубулға” турнирига қаратилмоқда.
68 давлатнинг 500 га яқин дзюдочилари мазкур нуфузли мусобақада ғолиблик учун кураш олиб бориши билан бирга “Париж-2024″ Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколарини қўлга киритишга ҳаракат қилади.
Кеча “Катта дубулға” турнири олдидан бир қатор техник комиссияларнинг йиғилишлари ўтказилди. Барча вазн тоифалари бўйича қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Хўш, мамлакатимизнинг етакчи дзюдочилари Давлат Бобонов, Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсупов қуръа натижасига кўра, қайси давлат билан илк баҳсларни ўтказади? Тошкент татамисидаги баҳсларда маҳоратли дзюдочи қизимиз Диёра Келдиёрова нега иштирок этмаяпти? Халқаро мусобақа низомига кўра, ҳар бир давлат битта вазнда энг кўпи билан 2 нафар спортчи билан иштирок этиши белгиланган бир пайтда юртимиз спортчилари неча нафар спортчи билан беллашувларда иштирок этади?
Нуфузли мусобақанинг Ўзбекистон мезбонлигида ташкил этилаётгани сабабли юртимиз терма жамоаси аъзоларига ҳар бир вазнда 4 нафар спортчи билан қатнашишга изн берилгани сабабли “Катта дубулға”нинг шиддатли беллашувларида Ўзбекистон терма жамоасининг 28 нафар эркак, 25 нафар аёл дзюдочиси медаллар ва рейтинг очколари учун кураш олиб боради.
Қуръа натижаларига кўра, Токио олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Давлат Бобонов 90 килограмм вазндаги илк беллашувда қирғизистонлик А.Ишенбаевга рўбарў келади. 100 килограмм вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган жаҳон чемпиони Музаффарбек Тўрабоев туркманистонлик Б.Мажанов билан, ҳозирда +100 килограммм оғирликда халқаро майдонда кучлилар сафида қайд этиб келинаётган маҳоратли дзюдочимиз Алишер Юсупов дастлабки баҳсни қозоғистонлик Г.Кункибай ва қирғизистонлик Жулдашказиев қарама-қаршилигининг ғолиби билан олиб боради.
Бир қатор нуфузли мусобақалар ғолиби бўлган истеъдодли дзюдочимиз Диёра Келдиёрованинг Тошкент беллашувларида иштирок этмаётганини мураббийлар ўтган халқаро турнирлардан кейин бир оз тикланишга рухсат берилгани ҳамда унинг издошлари бўлган ёш спортчиларга ўз иқтидорини кўрсатиш учун имконият тақдим этилгани билан изоҳлашди.
Бугун, 1 март куни халқаро турнир мусобақаларида эркаклар 60 ва 66 килограммда, аёллар 48, 52, 57 килограмм оғирликда курашга киришади. Терма жамоамиз аъзоларидан 60 килограммда Дилшодбек Баратов Достон Рўзиев, Камолиддин Бахтиёров, Баҳром Ботуров, 66 килограммда Муҳриддин Тиловов, Сардор Нуриллаев, Абдураҳим Нутфуллоев, Бобур Ваджиев медаллар учун кураш олиб борса, дзюдочи қизларимиздан Ҳалимажон Қурбонова, Фотимахон Турсунбоева, Улбусин Ҳакимова Лазиза Ҳайдарова 48 килограммда, Сита Кадамбаева, Муҳайё Аҳматова ва Гулҳаё Жўраева 52 килограммда, 57 килограмм оғирликда Шукуржон Аминова, Нилуфар Ермаганбетова, Фарангиз Максетбаева, Юляна Режепова ғолиблик учун даъвогарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, 3 мартга қадар давом этадиган “Катта дублға” турнирида 1-7-ўринларни эгаллаган дзюдочиларга Халқаро дзюдо федерацияси томонидан зарур рейтинг очколари тақдим этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА