Президент Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар ва маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан танишиш, янги объект ва лойиҳаларни ишга тушириш учун Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Бу улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоотдир. Президентимиз бу ҳақдаги ташаббусни 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўрди.

29 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти фаоллари иштирокида янги кўприкнинг тантанали очилиш маросими бўлди.

Президент дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади.

– Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кўприк қурилган жой юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди.

Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.

Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.

Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот – Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.

Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.

Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оролбўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланади. Бундан ҳам аҳоли, ҳам тадбиркор ва туристлар катта манфаат топади.

– Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк, аввало, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Хусусан, бу йил Бухоро – Урганч – Хива, келгуси йилдан Мискин – Нукус темир йўли электрлаштирилади. Натижада Хива ҳамда Нукус шаҳарларига тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига бориб-келиши осонлашади. Бу лойиҳалар ҳисобидан транспорт харажатлари 2 баробар қисқариб, йўловчи ташиш 30 фоизга ошади.

Умуман, бундай йирик лойиҳалар Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг иқтисодий салоҳияти ошиши, инвестициялар оқими ва иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ўсишига хизмат қилади.

Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу тарихий бир воқеа муносабати билан барчани табриклаб, Оролбўйи ривожига эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев “Хива кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, агросаноатда кластерлар томонидан замонавий корхоналар қурилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.

“Хива кластер” ҳам Хива туманида шундай фабрика ташкил этди.  Туркия, Германия ва Хитойдан илғор ускуналар келтириб ўрнатилди. Ўтган йил ноябрда ишга туширилган корхонада 500 кишининг бандлиги таъминланди.

Корхона йилига 7 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 10 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Энг муҳими, уларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб беради. Шу боис ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 15 миллион доллар атрофида.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тенденциядан келиб чиқиб, бу корхонада ҳам энергия тежамкорликка эътибор қаратилган. Масалан, куз-қиш ойларида хоналар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқ сув ёрдамида иситилади. Натижада катта миқдораги табиий газ тежалади. Шунингдек, мажмуа томларига умумий қуввати 60 кВт бўлган қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Буларнинг ҳисобига маҳсулот таннархи рақобатчиларникига нисбатан паст бўлмоқда.

Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Чиқиндиларни қайта ишлаб, фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган.

Тўқимачилик кластери ўтган йили қарийб 20 минг тонна пахта хомашёси етиштирган. Шундан 1 минг 545 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.

Умуман, кластер томонидан 2018-2023 йилларда 105 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Кластер тизимида жами 800 дан ортиқ йигит-қиз ишламоқда. Жумладан, ҳозирда бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ёғ, совун, тухум, сут маҳсулотлари, пойабзаллар каби 20 га яқин товарлар ишлаб чиқарилмоқда.

Президентимиз мазкур кластер тизимидаги истиқболли режалар билан ҳам танишди. Жумладан, янги лойиҳалар ҳисобига пахта етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш, кичик ҳажмли юк машинларини маҳаллийлаштириш мўлжалланган. Шунингдек, яқин йилларда чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилган.

Кластер бу истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали 10 мингдан 30 минггача иш ўрни яратишни мақсад қилиб олган.

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.

Вилоятда чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда машинасозлик, шаҳарсозлик, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, тиббиёт, озиқ-овқат каби муҳим тармоқларда умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқилган. Тақдимотда шундан умумий қиймати 660 миллион доллардан зиёд 18 та лойиҳа ҳақида ахборот берилди.

Хусусан, юк электромобиллари, аккумуляторлар учун никель сульфат, архитектура ойналари, шиша идишлар, қурилиш материаллари, лак-бўёқлар ва мато ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ҳудуд иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшиб, минглаб иш ўринлари яратиши билан аҳамиятли. Меҳмонхона, шифохона, кўнгилочар масканлар ва йўллар қуриш, экотуризмни ва балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари уларнинг ташаббускорлари бўлган чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида фикр алмашилиб, уларни жадаллаштириш, тадбиркорларга қўшимча шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Хива туманидаги Истиқлол маҳалласига борди.

Маҳаллада 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Бу ерда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёндош ҳудудда фермер хўжаликлари мавжуд. Одамлар асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади.

Яқинда маҳалла идораси биноси таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва тиббиёт масканида барча шароит бор.

Маҳалла фаоллари Президентимизга одамларнинг турмуш тарзи, даромади, ёшларнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада ишсиз аҳолини доимий ва мавсумий ишларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан индивидуал ишлаш тизими самара бермоқда. Ишсизларга деҳқончилик учун ер бериш тажрибасининг Хоразм учун аҳамияти катталиги айтилди.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди.

Ушбу тизим вакиллари билан мулоқотда халқни рози қилишда маҳалла тизимидаги самарали фаолият, ҳамжиҳатлик муҳимлиги қайд этилди. Бунда қуйи бўғиндаги давлат вакиллари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, одамларни рози қилиши кераклиги таъкидланди.

Вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий вазифа экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда бўлганида бирор хонадонда меҳмон бўлиши яхши анъанага айланган. Бу одамлар билан янада яқин бўлиб, самимий суҳбатлашишга хизмат қилади.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Президент маҳаллада яшовчи Собиржон Матжонов хонадонига ташриф буюрди. Оила бошлиғи қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Хонадон соҳиблари мўъжазгина томорқада иссиқхона қуриб, қулупнай етиштиради. Шунингдек, уй шароитида балиқчиликни йўлга қўйган. Парвариш қилинаётган парранда – юздан ортиқ товуқ, мингга яқин бедана оилага қўшимча даромад келтирмоқда.

Суҳбатда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлиги, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида “Voltalia” компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлди.

Маълумки, давлатимиз томонидан қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, катта дастурлар амалга оширилмоқда. Охирги уч йилда ҳудудларда биргина қуёш ва шамол генерация қувватларини ишга тушириш учун 2 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинди. Натижада Бухоро, Жиззах, Қашқдарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 2,6 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди.

Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳалар Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Франция каби тараққий этган мамлакатлар билан шерикликда амалга оширилаётир.

Маросимда давлатимиз раҳбари бу соҳанинг стратегик аҳамиятини қайд этди.

– Энергетика саноатида барқарорликка эришиш глобал интеграция шароитида ҳар бир давлатнинг стратегик мақсади. Айниқса, қайта тикланувчи генерациялар – замонавий тараққиётга эришиш, иқтисодиётни диверсификация қилишда куч-қувват бўладиган асосий “драйвер”лардан биридир,  деди Шавкат Мирзиёев.

Муқобил энергетика ҳисобига бу йил республиканинг электр генерациясида “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши таъкидланди. 2030 йилга бориб, аҳолиси 40 миллиондан ортадиган Янги Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган энергиянинг 40 фоизини “яшил энергия” ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган.

Бу борада аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун ўтган йили “Қуёшли хонадон” дастури бошланди. 14 миллиард сўм имтиёзли ресурслар ажратилди, солиқ имтиёзлари берилди. Шунингдек, эҳтиёждан ортиқча электрни давлат томонидан кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилди.

Бу ўз самарасини бера бошлади. Жумладан, Хоразмда ҳам 2 мингдан зиёд хонадон ва 855 та тадбиркорлар 15 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиб, улар томонидан эҳтиёжидан кўп ишлаб чиқарилган 320 минг киловатт-соат электр энергияси давлат томонидан сотиб олинди.

Энди бу соҳада яна бир мажмуа – Франциянинг “Voltalia” компанияси томонидан Тупроққалъа туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланмоқда.

Бу Хоразмдаги илк шундай йирик лойиҳа бўлади. Унинг натижасида йилига 254 миллион киловатт-соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Бу эса Хоразм вилояти йиллик электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини қоплайди. Ушбу станцияни йил якунигача тармоққа улаш режалаштирилган.

Умуман бу лойиҳа ишга тушса, Хоразм вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 30 фоизга ошиб, 424 мегаваттга етади. Хусусан, Тупроққалъа туманининг электрга бўлган йиллик 135 миллион киловатт-соат талаби тўлиқ қондирилади.

Шу билан бирга, истеъмолдан ортган 40 фоиз энергияни қўшни туманларга узатиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, 85 минг хонадонни электр энергияси билан барқарор таъминлашга эришилади.

Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали 76 миллион метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

Яна бир эътиборли томони, мазкур лойиҳа доирасида илк бор агровольтаика тажрибаси қўлланади. Бу бир майдоннинг ўзида энергия ва қишлоқ хўжалигини бирлаштириш усули бўлиб, қуёш панеллари остида сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари бундай инновацион лойиҳалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, инвестор ва муҳандисларга миннатдорлик билдирди.

– Барчангизни нафақат Хоразм вилояти, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиётига янги руҳ ва нафас олиб кирадиган мана шундай янги қувватлар билан табриклайман, – деди Президент.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида «Voltalia» компанияси бош директори Себастьен Клэр билан учрашув ўтказди.

Франциянинг ушбу компанияси қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги иншоотларни қуришда бой тажрибага эга. Ҳозирда дунёнинг 20 мамлакатида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Учрашувда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги мунтазам учрашувлар туфайли кенг қамровли тус олган Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти 2022 йил ноябрь ойида Францияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришилди.

Шу маънода, “Voltalia” билан ҳамкорликда Тупроққалъа туманида қуввати 100 мегаваттли қуёш электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасидаги ишлар бошланаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Келгусида агровольтаика ечимларини жорий қилган ҳолда унинг имкониятларини янада кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари компания билан ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, Хоразм вилоятида аккумуляторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Бухоро вилоятида гибрид турдаги электр станциясини қуриш режаларини қўллаб-қувватлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги “Khorezm Insulation Group” қўшма корхонасини бориб кўрди.

Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенг. Сўнгги йилларда барча лойиҳаларда энергия тежамкорлик вазифаси қўйилмоқда. Шу боис базальт хомашёсига талаб ошиб бораётир. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда бундай маҳсулотдан тайёрланган плиталарга йиллик талаб 80 минг тонна.

Шу жиҳатдан, “Khorezm Insulation Group” қўшма корхонаси бозор конъюнктураси асосида ташкил топди, дейиш мумкин. Қиймати 41 миллион евролик ушбу лойиҳада базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқарилади. Хомашё Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратау тоғидан олиб келинади.

Корхонанинг йиллик қуввати 30 минг тонна бўлиб, қурилиш саноатига талаб юқори маҳсулотлар етказиб берилади. Шунингдек, Россия ва қўшни давлатларга 10 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти яратилади.

Бунинг учун Германия, Туркия, Россия ва Хитой давлатларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилмоқда. Корхонада 300 та янги иш ўрни очилади.

Президент корхона билан танишар экан, маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Айни пайтда бу ерда йилига 15 минг тонна полипропилен ва полиэтилен тола ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Натижада 80 та янги иш ўрни, яна 10 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши мўлжалланган.

Хоразм вилоятига ташрифининг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва йирик хорижий инвестиция компанияси раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.

Хоразм вилоятида умумий инвестиция ҳажми 10 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик газ-кимё лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бўлажак қувватлар йилига 2,5 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариши ва 3 минг иш ўрни яратиши кутилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш муддати – 2024-2028 йиллар.

Лойиҳа газ-кимё тармоғи ривожига янги суръат бағишлайди ва Янги Ўзбекистон саноатининг флагманларидан бирига айланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири