Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг таклифига биноан расмий ташриф билан Абу-Даби шаҳрида бўлиб турибди.

14 январь куни давлатимиз раҳбари «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммитининг очилиши ҳамда барқарор ривожланиш соҳасида Шайх Зоид номидаги мукофотни топшириш маросимида иштирок этди.

Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги – бу 2008 йилда БАА ҳукумати ва «Masdar» компанияси томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Форумнинг мақсади жаҳонда барқарор тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишга кўмаклашиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежамкорлиги ва карбонсизлантиришни илгари суришдан иборат.

Бу галги саммит кун тартибига «яшил» иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари киритилган.

Форум доирасида Амирликлар асосчиси – марҳум Шайх Зоид Ол Наҳаён номи билан аталувчи барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқлар учун мукофот билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Бу галги мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ғолиб деб топилди.

Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.

Давлатимиз раҳбари “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади.

Саммитда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Финляндия Республикаси Бош вазири Петтери Орпо ҳамда қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Форумнинг кун тартибига мувофиқ, барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар, “яшил” иқтисодиёт ва минтақавий ўзаро боғлиқликни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, улардаги углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.

Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир.

– Шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти юртимизда Кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастури ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентлар келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирилишини қайд этди.

Иссиқхона газларини мониторинг қилиш ва эмиссия учун квоталар савдоси бўйича миллий тизимларни жорий этиш ишлари давом этмоқда. 2030 йилга келиб иссиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни босқичма-босқич ошириб бориш режа қилинган.

“Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш тизимли чоралари кўрилмоқда.

Шавкат Мирзиёев тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётганига эътибор қаратди.

– Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гигаваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.

– Бугунги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза энергия” марказларидан бирига айлантириш муҳимлигини қайд этди.

Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлида ҳам илк қадамлар ташланди. Яқинда COP-29 саммити доирасида Қозоғистон ва Озарбайжон билан имзоланган кўп томонлама битим Европага “яшил” энергияни экспорт қилиш имкониятини беради.

– Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, “яшил” энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда.

“Masdar” компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объекти ишга туширилди. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади.

Бу каби лойиҳалар Амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шериклар билан ҳам амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Марказий Осиёнинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергия ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.

Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой.

– Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Президентимиз анжуманда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган “Яшил” университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирди.

Мазкур университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий-тадқиқот тармоғини яратиш таклиф этилди.

Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган “COP-28” ва “COP-29” саммитлари ҳамда бошқа халқаро форумларда Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун қатор ташаббусларни илгари сурган эди.

Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни таъсис этиш, дарё экотизимлари хавфсизлигини таъминлаш, Сув тежовчи технологиялар минтақавий хабини ташкил қилиш, Ўсимликлар генетик ресурслари банкини яратиш шулар жумласидан.

– Бу борада барча ҳамкорларимиз билан амалий ишларни бошлашга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Давлатимиз раҳбари жорий йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепцияси тақдим этилишини айтди.

Шунингдек, саммитда иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида бўладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига таклиф этилди.

Сўзининг якунида мамлакатимиз етакчиси Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва “яшил” тараққиёт йўлидаги кенг ҳамкорликка бутун дунёга очиқлигини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Абу-Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Бирлашган Араб Амирликлари сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама билан учрашув ўтказди.

Учрашувда “Presight” компанияси раҳбари Томас Прамотедам, “AIQ” компанияси раҳбари Магжан Кенесбай ва “Khazna” компанияси раҳбари Ҳасан ал-Нақби, Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети президенти Эрик Синг ҳам иштирок этди.

“Presight”, “AIQ” ва “Khazna” компаниялари катта маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллект соҳасида етакчи компаниялар қаторига киради. Муҳаммад бин Зоид университети сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларга ихтисослашган дунёдаги биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Учрашувда Амирлик компаниялари билан илғор технологияларни ривожлантириш ва уларни турли соҳаларга муваффақиятли жорий этишга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.

Генератив сунъий интеллектни ишлаб чиқиш, шу жумладан, энергетика соҳасида «катта тил моделлари»ни қўллаш, Тошкентда йирик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети билан алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз талабаларни ўқитиш дастурини ишга тушириб, бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишни таклиф этди.

Илмий-тадқиқот лабораторияларини биргаликда ишга тушириш, технологик кластерлар ташкил қилиш ва контактсиз тўлов операциялари учун инновацион ечимларни жорий этиш режалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Абу-Даби шаҳрига ташрифи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялар вазири, «ADQ» холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги ушбу мамлакат етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказди.

Учрашувда “AD Ports Group” компанияси раҳбари Муҳаммад Жума ал-Шамисий, “Tadweer” раҳбари Али ал-Даҳерий, “Plenary Group” раҳбари Мустафо Фахур ва “DUCAB” раҳбари Муҳаммад ал-Кураший иштирок этди.

Ушбу компаниялар ўз соҳаларида жаҳон етакчиларидан бири бўлиб, уларнинг жами активлари 200 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

Юқори технологик тармоқларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестиция портфелини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

БАА билан иқтисодиётнинг турли йўналишларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Инвестицияларни илгари суриш, саноат ва илғор технологияларни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланди. Инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик, энергетика, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, электротехника, коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Инновацион технологияларни жорий этиш, нодир металл конларини ўзлаштириш, минтақавий темир йўлларни ривожлантириш ва «қуруқ» портлар барпо этиш, кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини жадаллаштириш, таълим ва тиббиёт соҳаларида ДХШ лойиҳаларини илгари суриш юзасидан келишувларга эришилди.

Учрашув якунида амалий ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, “TAQA” раҳбари Жасим Ҳусайн Табет, “TAQA Water Solutions” раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ва “Etihad Water & Electricity” раҳбари Юсуф ал-Али ҳам иштирок этди.

Мазкур компаниялар энергия ва сув таъминоти, тозалаш тизимларини бошқариш соҳасида жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчи ва операторлар ҳисобланади.

Мамлакатимизда «яшил» энергетика, коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги стратегик шериклик икки томонлама ҳамкорликнинг локомотиви бўлиб хизмат қилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Бу борада умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик 5 та лойиҳа биргаликда ишга туширилди. Декабрь ойида Навоий вилоятида қуввати 500 мегаватт бўлган шамол электр станцияси ишга туширилди, яна бир қатор объектлар қурилиши фаол босқичга кирган.

Ўзбекистон Президенти компанияларнинг мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд иссиқлик электр станциялари қувватларини кенгайтириш, паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш, янги ГЭСлар, электр энергиясини сақлаш тизимлари, йирик қуёш ва шамол станциялари қурилишини жадаллаштириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида сув таъминоти тармоқларини ривожлантириш ва янги тозалаш иншоотларини барпо этиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Абу-Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида “AMEA Power” компанияси раҳбари Ҳусайн ал-Новайс, “М42” компанияси раҳбари Ҳасан Жасим ал-Новайс ва “IFFCO Group” компанияси раҳбари Шероз Алланни қабул қилди.

“AMEA Power” – қайта тикланувчи энергия соҳасида тез суръатда ривожланаётган компания. 20 мамлакатда умумий қуввати 6 гигаваттдан ортиқ бўлган лойиҳалар портфелига эга. “М42” инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. “IFFCO Group” озиқ-овқат соҳасида 100 дан ортиқ брендларни бошқаради.

Энергетика, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда БАА компаниялари билан инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

«AMEA Power» компанияси билан ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимларини қуриш, нефть-кимё соҳасида юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, “М42” компанияси билан геномика соҳасида, «IFFCO Group» билан эса озиқ-овқат саноати ва маиший кимё учун ингредиентлар ишлаб чиқаришда ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давом этмоқда.

ЎзА