Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 82,7 фоизи фош этилган. Қидирувдаги 7 минг 563 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 450 нафар шахс топилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 6 минг 455 жиноят аниқланган.

Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган. Натижада 2023 йил якуни бўйича 2 минг 972 маҳаллада жиноят содир этилмаган. Жиноятлар кўпайган 2 минг 298 маҳалла “қизил” тоифага киритилган.

Бу рақамлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.

ИИВнинг 2023 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борган ҳамкорликдаги ишлари юзасидан эшитилган ахборотида тазйиқ ва зўравонликка учраган 40 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилгани таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида 2023 йилда 104 минг 96 жиноят рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 74 минг 202 таси ёки 71,3 фоизи ҳисобот йилида содир этилгани айтиб ўтилди. Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 289 тадан тўғри келган. Ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 735 тани, Тошкент вилоятида 415 тани, Сирдарёда 378 тани, Фарғонада 328 тани ташкил этган.

Профилактика инспекторлари фаолиятининг сустлиги оқибатида олдини олиш имкониятлари мавжуд бўлган жиноятлар ҳанузгача жами жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ айнан Фарғона ва Сирдарё вилоятларида мазкур йўналишда ўрганишлар ўтказган. Аниқланган кўплаб камчиликларни тезкор равишда бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берилган.

Мажлисда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ҳамда Фарғона ва Сирдарё вилоятлари бошқармалари масъул раҳбарларининг ҳам ахборотлари тингланди.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолгани оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилаётганига эътибор қаратилди. Жумладан, 2023 йилда содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан.

Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятлар 2022 йилга нисбатан 5,3 фоизга ортган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда.

Бундан ташқари, 12 мингга яқин ишсиз шахслар томонидан жиноятлар содир этилгани жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабабли 2023 йилда 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. Шундан 13 миллиондан кўпи қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин  транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ  пиёдалар қоидабузарлигини ташкил этган.

10 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларда 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 минг 794  йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 минг 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

Мажлисда жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди ва бу борада тегишли тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА