Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” фестивали доирасида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Миллатлараро тотувлик” асосий йўналиш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, Оролбўйида фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда институт ректори вазифасини бажарувчи Қ.Қодиров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари  Т.Атамуратов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда яшовчи барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга, жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилаётган кенг кўламли ишлар алоҳида тилган олинди.

Таъкидланганидек, ҳар қандай давлатда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакат тараққиётига замин яратади.  Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари ўзаро тинчлик ва  ҳамжиҳатликда истиқомат қилмоқда. Бу Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳамда изчил амалга оширилаётган инсонпарварлик ва адолатпарварлик тамойиллари асосига қурилган сиёсатнинг натижасидир.

Мамлакатимизда барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, миллатга хос анъана ҳамда қадриятларни ҳурмат қилиш, ривожлантиришлар учун барча зарур шароит яратилган. Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остидаги дўстлик ва маданият фестивали ушбу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу фестиваль ёшларни миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ бўлган баркамол авлод қилиб тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган.

– Асрлар давомида турли миллат ва элатлар мамлакатимизда мустаҳкам дўстликда яшаб келган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қозоқ миллий-маданий маркази раиси Асқар Умбетаев. – Юртимиздаги турли элатларнинг миллий марказлари давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида фаол иштирок этиб келмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган бундай фестиваллар  эса бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ҳамда  фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашга, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда турли миллат вакилларининг миллий урф-одат ва дастурлари акс эттирилган кўргазмалар намойиш этилди.

Талаба-ёшлар ижросидаги Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири