Пойтахтимиз Тошкент «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган яна бир нуфузли спорт мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.
Жорий йилнинг 1-3 март кунлари дзюдо бўйича Ўзбекистонда ўтадиган мазкур нуфузли “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнирда 4 қитъанинг 72 давлатидан 500 нафардан зиёд спортчи иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этган.
Ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионлари, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари иштирокида ўтадиган турнирда Ватанимиз шарафини кимлар ҳимоя қилиши спорт мухлисларини қизиқтириши табиий.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши мазкур “Катта Дубулға” турнирида иштирок этадиган спортчилар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, Тошкент татамиларида кечадиган шиддатли беллашувларда 28 нафар эркак, 25 нафар аёл дзюдочимиз медаллар ва рейтинг очколари учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро дзюдо федерацияси томонидан тасдиқланган турнир низомига биноан юртимизда ўтадиган халқаро турнирнинг ҳар бир вазнида терма жамоамизнинг 4 нафардан аъзоси баҳсларда қатнашади.
Т. Рўзиев, ЎзА