Аввал хабар берганимиздек, Осиё чемпионлар лигаси 1/8 финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Ал-Иттиҳод” баҳси 0:0 ҳисобида якунланди.
Мазкур учрашувдан сўнг, “Ал-Иттиҳод” клуби футболчиси Н’Голо Канте ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:
– Бугунги ўйинимиздан қониқдим. Беллашувнинг биринчи дақиқаларидан то охиригача курашдик. Бироқ керакли натижа бўлмади. Жавоб учрашувида яхши натижа қўлга киритиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Шахсан мен учун Осиё чемпионлар лигаси янги чақирув ва бу мусобақада ўзимни ҳар томонлама кўрсатишга ҳаракат қиламан, – деди Канте.
Эслатиб ўтамиз, кечаги “Марказий” стадионида ўтган ўйинга 26 минг 200 нафар мухлис ташриф буюрди. Осиё чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан ўрин олган “Сепахон” – “Ал-Ҳилол” учрашуви 1:3 ҳисоби билан якунланди. Клубларнинг жавоб учрашуви 22 февраль куни ўтказилади.
***
ФИФА томонидан миллий жамоаларнинг янгиланган рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ўрнидан 2 поғонага юқорилаб, 66-ўриндан жой олди. Шунингдек, Сречко Катанец жамоаси Осиё жамоалари орасида 8-ўринга кўтарилди. Эслатиб ўтамиз, навбатдаги янгиланган рейтинг 4 апрель куни эълон қилинади.
***
Европа лигасининг 1/16 финал босқичида бир қатор баҳслар ўтказилди. Унда “Ланс” – “Фрайбург” клублари 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. “Ланс” клуби шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов беллашувнинг 89-дақиқасида майдонга тушди.
Шунингдек, мазкур босқичдан ўрин олган бир қатор учрашувларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
“Галатасарой” – “Спарта” – 3:2,
“Бенфика” – “Тулуза” – 2:1,
“Милан” – “Ренн” – 3:0,
“Аякс” – “Будё-Глимт” – 2:2,
“Маккаби Ҳаифа” – “Гент” – 1:0,
“Бетис” – “Динамо” – 0:1,
“Серветт” – “Лудогорец” – 0:0.
***
Хабарингиз бор жорий йилнинг 1 март куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларига старт берилади. Ҳозирда маҳаллий клубларимиз янги мавсумга турли даражада тайёрланмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА