Оғир касаллик асоратлари билан курашаётган инсонларга умид бағишлаш, уларнинг бир кунини бўлса-да қувончга чулғаш улуғ саодат.
Мамлакатимизнинг шерюрак боксчилари жаҳон майдонларидаги ғалабалари билан халқимизга юксак ифтихор тўйғусини улашиш баробарида кексаларни улуғлаш, ёшларга ибрат намунасини кўрсатиш, эътиборга муҳтожларга яхшилик қилишдек эзгуликларга бош қўшиб келмоқда.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. “Париж-2024” Олимпия ўйинлари ва бир қатор нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун машғулотларга зўр бераётган чарм қўлқоп усталаримиз пойтахтимиздаги Республика гематология, онкология ва радиология марказида Халқаро болалар онкологияси кунига бағишланган “Болалар билан бирга – умид билан бирга” шиори остида ўтган тадбирда иштирок этди.
Хорижлик онкологик касалликлар мутахассислари, ушбу даргоҳ ходимлари, эл суйган санъаткорлар, Олимпия ва жаҳон чемпионлари Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, Абдумалик Халаков, таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов иштирок этган тадбирда бемор болажонлар билан суҳбат уюштирилди. Уларга улкан руҳий қувват бағишланди. Чемпионлик сир-синоатлари ҳақида сўзлаб берилди. Орзулари бир олам жажжи ўғил-қизларга дастхатлари туширилган эсдалик совғалари улашди.
Ўксик қалбларга олам-олам завқ улашилган тадбир дард билан курашаётган болалар учун унутилмас воқеа бўлди. Бир кун бўлса-да азиятни унутгани, мунгли нигоҳларига қувонч ингани, яхши кунлар ҳали олдинда эканини англатгандек бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА