Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 2-3 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан аниқ топшириқларни белгилаб берган эди.

Вилоятда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 68 триллион 223,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3 фоизга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 8,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,0 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 3,2 фоизга, чакана савдо айланмаси 7,8 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 18,1 фоизга, хизматлар ҳажми 11,3 фоизга, ташқи савдо айланмаси 17,5 фоизга ўсди.

Вилоятда 2023 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати қарийб 690 миллион долларга тенг 433 та лойиҳа амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари салмоқли ўрин эгаллади.  Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 29,3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Масалан, Шаҳрихон туманида «Saxovat teks» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 22,6 миллион долларлик мато тўқиш, бўяш ва сочиқ ишлаб чиқариш бўйича лойиҳанинг ишга туширилиши билан мингта янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, ўтган йили вилоятда жами 599 миллион долларлик, шундан 560 миллион долларлик саноат, 39 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.  Умуман, экспорт фаолиятига 392 та корхона жалб этилган бўлиб, улардан 333 таси саноат, 59 таси мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширди. Вилоят ҳудудий экспортининг асосий қисми яъни 81,5 фоизи тўқимачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Тўқимачилик соҳасида тайёр маҳсулотлар экспорти улуши эса 76 фоизга  етказилди.

Ўтган йили ҳудудий маҳсулотлар экспорт қилинадиган давлатлар қаторига аввал экспорт амалга оширилмаган Португалия, Монголия, Мьянма, Франция, Босния-Герцоговина каби давлатлар қўшилди.

Вилоятда кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Хусусан, Андижон шаҳрида “FAW” бренди остидаги юк автомашиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги заводнинг ишга туширилиши ҳам муҳим воқеалардан бири бўлди. Умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур корхонада йилига тўрт минг дона 5 тоннадан ортиқ юк кўтариш қобилятига эга автомобиллар ишлаб чиқарилади. 2023 йил давомида 24 минг 381 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, рўйхатга олинган хўжалик субъектлари сони 44 минг 924 тани ташкил этди.

Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида барча йўналишларда 531 минг 685 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Жумладан, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш йўналишида 194,4 минг нафар, қишлоқ хўжалиги тармоғида 277,9 минг нафар, инвестиция лойиҳаларини ишга туширилиши ҳисобига 40,7 минг нафар, қурилиш ва коммунал  соҳасида 16,8 минг нафар, туризм соҳасида 2,3 минг нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Бундан ташқари, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва тадбиркорликка йўналтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 30 турдаги касблар бўйича 15,1 минг нафар ишсиз фуқаролар касбга тайёрланди ва ўқитилди. Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастури доирасида ўқиган  фуқароларнинг 4,8 минг нафари иш билан таъминланди.

Маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 279,4 минг нафар фуқаролар доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди, 151,9 минг нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди, 6,9 минг нафар киши кичик бизнес корхоналарига, 7,2 минг нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 3,9 минг нафар киши ҳунармандчиликка жалб қилинди, 35,6 минг нафар фуқарога деҳқончилик қилиш учун ижара асосида ер ажратилди.

Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, умумий қиймати 886,5 миллиард сўмга тенг 3 минг 93 та микролойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 19,2 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Маҳаллаларда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик йўналишларида 47,6 мингта лойиҳага 876 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Бундан ташқари, 7 минг 854 нафар ишсиз аҳолига, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларига тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш учун 56,8 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратилди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Янги Андижон шаҳрида жорий йилда 2 мингдан ортиқ хонадонли  80 та янги уй қурилиши белгиланган. Ҳозирга қадар уйларнинг асосий қисми фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Янги Андижон шаҳрида 1 минг 680 ўринга мўлжалланган умумтаълим мактаби, 420 ўринли  мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоятда муқобил энергия тизимини шакллантирш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. 2023 йилда жами 45,7 МВт қуёш панеллари ўрнатилди. Жумладан, 817 та ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларига 16,3 МВт қувватли, 1 минг 347 та тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига 14,6 МВт қувватли, 8 минг 424 та аҳоли хонадонига 14,8 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Бундан ташқари, Избоскан, Марҳамат, Улуғнор, Жалақудуқ ва Пахтаобод туманларида 41 та микро гидро электрстанция қуриш ва ишга тушириш белгиланган. Хитойлик, россиялик мутахассислар жалб этилиб, мазкур йўналишда  бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йили қуввати 250 МВт бўлган Андижон ва Олтинкўл туманларидаги 2 та ГЭС ишга туширилди.

Умумий қиймати 36 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида Андижон шаҳридаги РК-2 Марказий қозонхонаси реконструкция қилинди, 27,5 километр узунликдаги иссиқлик узатиш тармоғи тортилди. Амалга оширилган ана шу ишлар натижасида Андижон шаҳрининг 1-, 2-, 3-, 4- ва 5-кичик даҳалари, шунингдек, Машраб кўчасидаги 271 та кўп қаватли уй ҳамда 30 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув етказиб берилади.

Андижон вилоятидаги танлаб олинган 5 та – Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод,  Избоскан туманидаги Гулистон, Балиқчи туманидаги Халфачек  маҳаллаларида  “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча» дастури доирасида қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Дастур доирасида хатлов ўтказилиб, маҳаллалардаги 2 минг 686 та хонадон ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 8 минг 947 та муаммо ва одамларни қийнаётган масалалар аниқланди. Олиб борилаган амалий ишлар натижасида ана шу муаммо ва масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Вилоятда автомобиль ва ички йўлларни қуриш, таъмирлаш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Ўтган йили 1 минг 628,9 километр масофадаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, аҳоли пунктларининг ички кўчалари таъмирланди. Ўтган йили вилоятдаги ички йўлларнинг 1 минг 52,2 километрига асфальт, 84,3 километрига цемент-бетон қопламаси, 78,8 километрига шағал ётқизилди.

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йил июль ойида Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” 1- халқаро миллий эстрада санъати фестивали вилоят маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Халқаро фестивалда дунёга машҳур “Доктор Албан”, Boney M диско ҳамда Otawan гуруҳлари иштирок этди.

Умумий қиймати 8 миллиард 286 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида Андижон шаҳрида янгитдан Вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси барпо этилганлиги ҳам Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг амалий намунаси бўлди.

Бундан ташқари, вилоятда ўтган йили ижтимоий соҳалар – тиббиёт, мактабгача ва мактаб таълими, шунингдек, маданият, туризм, умуман, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

 

Фахриддин Убайдуллаев, 

Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА