Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид ва Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шадурди Мередовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Унда икки давлат ўртасидаги ўзбек-туркман адабий алоқалари борасида сўз юритилди.

Маълумки, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти 2024 йилни Махтумқули йили деб эълон қилган. Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак. Ойбекнинг “Навоий”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романлари, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси, шунингдек, Зулфия, Ғафур Ғулом, Мирмуҳсин, Одил Ёқубов ва бошқа адиб ва шоирларимиз асарлари туркман тилига таржима қилинган.

Мумтоз адабиётимиз намояндалари, хусусан, Навоий ва Бобур ижоди туркман олимлари томонидан фаол ўрганилмоқда. Туркманистон Фанлар академияси тил, адабиёт ва қўлёзмалар миллий институти катта илмий ходими Раиммаммед Кўрунов “Бобурнома” асарини туркман тилига таржима қилган. Туркман шоири Исмоил Тоғонов Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид шеърларини туркман тилига таржима қилиб, чоп эттирган.

Ўзбек – туркман адабий алоқалари йилдан йилга тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, 2017 йил 19 майда Тошкентда улуғ туркман шоири Махтумқулининг ҳайкал-барельефи очилди. Шу муносабат билан ҳайкал жойлашган кўчага Махтумқули номи берилди. Ўша йили Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга сафари муносабати билан Ашхободдаги марказий кўчалардан бирига Алишер Навоий номи берилди. Илҳом хиёбонида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилган.

Ўзбекистонда Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Бахтли ҳаёт соғлиқдан бошланар”, “Маданият – халқнинг бебаҳо хазинаси”, “Барҳаёт афсона”, “Чой – шифо ва руҳий қувват манбаи” номли асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.

2022 йилда нашр қилинган “Туркий адабиёт намуналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 9 та жилди туркман адабиётига ажратилган бўлиб, унда туркман мумтоз адабиётидан то бугунги кунда ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ўзбек тилига таржимага киритилган. Туркман мумтоз адабиётидан Мулланафас, Махтумқули, Андалиб, Залилий, Камина, Ошиқий, ХХ аср адабиётидан Хидир Деряев, Берди Кербобоев, Қаюм Тангриқулиев, Ораз Яғмур, Отажон Тоғон романлари киритилган. Замонавий туркман шеърияти ва насри антологиясига Қора Сейтли, Бердиназар Худойназаров, Нури Байрамов, Омонгўзал Шоқулиева каби шоирлар, Беки Сайтақов, Оразқул Оннаев, Қадаммурат Атоев каби ёзувчиларнинг ҳикоялари киритилган.

Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” номли 100 та китобдан иборат мажмуани нашрга тайёрлаш ишларини бошлаяпти. Бу мажмуага туркман болалар адабиёти вакилларининг асарларини ҳам киритиш назарда тутилган.

Учрашувда ҳар икки тарафнинг ҳамкорлик алоқалари юзасидан таклифлари ўртага ташланди ва давомий ишлашга келишиб олинди.

Н.Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА