Жорий йилда Франция пойтахти Париж шаҳрида ХХХIII ёзги олимпиада ҳамда XVII паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Айни кунда мамлакатимиз спортчилари мазкур спорт мусобақаларига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш, янги-янги спорт иншоотлари барпо этиш, спорт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада юртимиз спортчилари халқаро спорт мусобақаларида, хусусан, олимпиада ва паралимпиада ўйинларида юқори натижаларга эришмоқда. Ана шу ютуқларга андижонлик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Ўтган йили Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ўтказилган ёзги Осиё ўйинларида андижонлик спортчилар томонидан 5 та, Параосиё ўйинларида эса 7 та, жами 12 та медал қўлга киритилган, – дейди Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов. – Спортчиларимиз Париж олимпиадаси ва паралимпиа ўйинларида бунданда кўпроқ медалларни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилади. Бунинг учун айни кунда ана шу ўйинларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоятдаги мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз нуфузи ва обрўсини янада мустаҳкамлаш мақсадида олимпиада ва паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича вилоят ҳокими бошчилигида тузилган комиссия томонидан олимпиада ўйинларига лицензия олган, шунингдек, ана шу ўйинларга лицензия берувчи мусобақаларда иштирок этувчи спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш бўйича республика спорт федерациялари билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда.
Олимпиада спорт турларига киритилган 25 та спорт федерацияси вилоят бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида ҳар бир федерация вилоят бўлимига вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотларининг раҳбарлари масъул этиб бириктирилган.
Ҳозирга қадар Парижда бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларига 1 та, параолимпия ўйинларига 3 та, жами 4 та лицензия қўлга киритилди. Яъни бокс бўйича олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, енгил атлетика бўйича паралимпиячилар Бобуржон Омонов, Қудратулло Маъруфхўжаев, Темур Гиясов ана шу мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, яна 17 нафар андижонлик спортчи лицензия тақдим этувчи мусобақаларда иштирок этади.
– Ўтган ҳафта Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича кичик жаҳон чемпионати мақомини олган “Странджа – 23” халқаро турнири якунланди, – дейди бокс бўйича жаҳон ва олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов. – Турнирда ўзбекистонлик боксчилар 7 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза, жами 18 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди. Турнирда мен ҳам олтин медалга сазовор бўлдим. Финалда Аргентина вакилини 5:0 ҳисобида мағлуб этдим. Ишончим комилки, ёзда бўлиб ўтадиган Париж олимпиадасида нафақат боксчиларимиз, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам спортчиларимиз ғолиблар қаторидан жой олади, юқори натижаларга эриша олади. Шу жумладан, андижонлик спортчилар ҳам олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этиб, юртимиз шуҳратини янада юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Олимпиада ўйинларига лицензия олиш имкониятига эга бўлган спортчиларнинг мунтазам машғулотлар ўтказиши учун Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс, оғир атлетика, сузиш, енгил атлетика, қиличбозлик мажмуасида қиличбозлик, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти базасида ўқ отиш ҳамда вилоятдаги махсус мактаб-интернатларнинг спорт залларида улар учун зарур шароитлар яратиб берилган. Шунингдек, уларга ўз мураббийларидан ташқари, вилоятда фаолият олиб бораётган малакали ва тажрибали мураббийлар ҳам бириктирилган.
Умуман, вилоятда спортчиларга яратиб берилаётган зарур шарт-шароит ва кенг имкониятлар натижасида улар эришаётган ютуқлар салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида андижонлик спортчилар Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 3 минг 666 та, шундан 980 та олтин, 1 минг 242 та кумуш, 1 минг 444 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва бошқа халқаро турнирларда 108 та, шундан 38 та олтин, 28 та кумуш ва 42 та бронза медалларига сазовор бўлди.
Бир сўз билан айтганда, бугун вилоятда спортчиларни олимпия ва паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш, уларнинг мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун зарур ишлар олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА мухбирлари