Сув спорт турлари бўйича Доҳада ўтаётган жаҳон чемпионатида дунёнинг 2 минг 500 дан зиёд спортчиси қаторида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам совринли ўринлар ҳамда “Париж-2024″ Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш олиб бормоқда.
Бугун, 13 февраль куни 800 метрга эркин усулда сузиш дастурининг саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Илья Сибирцев иштирок этди.
Шиддатли кечган пойгалар натижасига кўра, ҳамюртимиз марра чизиғини 7:53:87 дақиқада босиб ўтди ва мазкур масофада Ўзбекистоннинг янги рекордини ўрнатди.
Бироқ мукофот жамғармаси 5,6 миллион АҚШ долларидан иборат чемпионатнинг ушбу дастуридаги натижалар сарҳисобига кўра, спортчимиз кўрсатган вақт жаҳон чемпионатининг финал йўлланмасига чиқиш имконини бермади.
Икки кун олдин 400 метрга кечган баҳсларда ҳам Илья 3:50:9 вақт билан янги миллий рекорд эгасига айланганди. Энди 16 февраль куни терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Элдорбек Усмонов баттерфляй усулда сузиш дастурида ўз омадини синаб кўради.
Эслатиб ўтамиз, бундан уч кун муқаддам жаҳон чемпионатининг сувга сакраш дастурида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Игорь Мялин кучлилар қаторидан жой олиб, “Париж-2024″ Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққанди.
Жаҳон чемпионати 18 февралда якунланади.
Т. Рўзиев, ЎзА