Бугун ва эртага Нодирбек Абдусатторов мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ доллари бўлган турнирнинг ярим финалида дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири, жаҳон шахмат тожининг собиқ соҳиби, рапид ва блиц йўналишлари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан баҳслашади.

Германиянинг Гамбург шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Freestyle Chess G.O.A.T Challenge” турнирининг ортда қолган чорак финалида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони Дин Лижэнни доғда қолдирди.

Турнирнинг 1/4 финалида Абдусатторов Лижэнь билан икки партия ўйин ўтказди. Биринчи партияда ғолиб чиққан ҳамюртимиз кеча ўтган иккинчи партияда дурангга эришди.

Энди фишер йўналиши бўйича кечаётган мусобақанинг ярим финалида Абдусатторов Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжадан устун келган Магнус Карлсен билан рўбарў келади.

Кеча ўтказилган чорак финалнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди:

Алиреза Фирузджа (Франция, 2760) — Магнус Карлсен (Норвегия, 2830) 1-1 (1-0, 0-1). Тай-брейк — 0-2

Фабиано Каруана (АҚШ, 2804) — Доммараджу Гукеш (Ҳиндистон, 2743) 1.5-0.5 (1-0, 1/2)

Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2744) — Дин Лижэнь (Хитой, 2762) 1.5-0.5 (1-0, 1/2)

Винсент Каймер (Германия, 2738) — Левон Аронян (АҚШ, 2725) 0.5-1.5 (1/2, 0-1)

Бугун, 13 февраль куни  ярим финал баҳсларининг илк партиялари бўлиб ўтади. Унда Нодирбек Абдусатторов  азалий рақибларидан бири, классик шахмат бўйича собиқ жаҳон тожи соҳиби, блиц ва рапид бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан куч синашса, иккинчи ярим финалчилар “дуэли”да АҚШ байроғи остида ҳаракатланаётган Фабиано Каруана — Левон Аронян тўқнаш келишади. Ярим финалнинг 2-партия ўйинлари эртага, 14 февраль куни ўтказилади.

Шунингдек, беллашувлар давомида бироз омади чопмай қолган тўрт нафар шахматчи 5-8 ўринлар учун кураш олиб боришади. Бунда Алиреза Фирузжа — Дин Лижэнь ва Винсент Каймер — Доммараджу Гукеш баҳслари бўлиб ўтади. Жуфтликларда ғолиб чиққанлар 5-6-, мағлуб бўлганлар 7-8-ўринлар масаласини ҳал этади.

Якунланган чорак финал сарҳисобига кўра айтиш лозимки, Нодирбек ҳозирча нуфузли мусобақанинг камида тўртинчи поғонасини нақд қилиб қўйди. Бугун ва эртага Карлсен тўсиғидан ўта олса, Н. Абдусатторов Гамбург шахмат пирамидасининг энг юқори нуқтасида “жанг” қилиш бахтига муяссар бўлади.

Эслатиб ўтамиз, шахматчимиз мазкур турнирнинг рапид йўналиши баҳсида, яъни 7-турида Карлсенни мағлуб этган эди. Мусобақанинг финал ўйинлари 15-16 февраль кунлари ўтказилади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА