2024 йил 9 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг ялпи мажлисида дастлаб “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш доирасида камбағалликни қисқартириш ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, хусусан, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ҳамда пасайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали тадбиркорлик субъектларини камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб тегишли солиқларни муайян муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Кодексда кўзда тутилган қўшилган қиймат, фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқларни улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Жумладан:

– 51 тадан 100 гача янги иш ўрни яратилганда – уч ойгача;

– 101 тадан 200 гача янги иш ўрни яратилганда – олти ойгача;

– 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда – ўн икки ойгача, этиб ифодаланди.

Шунингдек, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастури доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган юридик шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилмоқда. Бунда солиқ имтиёзи миқдори, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда белгиланади:

– 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;

– 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;

– 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилганда эса – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.

Корхона ишга қабул қилинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаши керак.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга қабул қилишда тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Фуқаролик кодексига ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фуқаролик кодексига киритилаётган қўшимчаларга асосан аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси, агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи белгиланган тартибда ундирилади.

Энг аввало, асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда узилади. Сўнгра жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик сўндирилади. Учинчи навбатда неустойка (жарима, пеня)лар ва кейинги навбатда кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари ундирилади.

Шу билан бирга, Фуқаролик кодексига кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартириш киритилаётган бўлиб, унга кўра жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун аҳоли ва тадбиркорларга микроқарз ёки кредит олиб фойдаланиш жараёнларини кенгайтиришга, улар томонидан кредитларни қайтариш қобилияти яхшиланишига замин яратади. Шунингдек, аҳолини ва тадбиркорларнинг молиявий маблағлар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан бирга уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга ва ушбу йўналишдаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга эса 270,4 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс Кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар қонуннинг маъқулланиши мамлакатимизда ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига, шунингдек, уй-жой фондида ўз хонадонида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида рўй берган ёнғинлар юзасидан ҳуқуқбузар деб топилган фуқароларнинг инсонпарварлик тамойили асосида ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда кексаларни ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, пенсия тайинлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда ва рақамлаштирилмоқда, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, пенсия таъминоти тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифати тубдан яхшиланмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларга пенсия тайинлашда инсон омилини камайтириш, кексаларга, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш талаб этилмоқда.

Ушбу қонун билан “Ижара тўғрисида”ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби, шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган бўлиб, пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада юксалтиришга, фуқароларнинг электрон давлат хизматларини мустақил равишда олиш имкониятларини кенгайтиришга, пенсия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишда инфляция даражасини ҳисобга олиш тизимини жорий этишга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларига оид ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар.

Ҳужжат билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик ва бола ҳуқуқларининг устуворлиги каби асосий принциплари белгиланмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 5 йил муддатга Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан сайланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонунда Болалар омбудсманининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.

Қонунга боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий тартиб сифатида киритилмоқда.

Бундан ташқари, Болалар омбудсмани маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганини аниқлаганда, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиши мумкинлиги акс эттирилмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланиш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари тайинланиши белгиланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати. Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиши, боланинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли таклифлар киритиб бориши ҳам назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида турган болалар ёзма шаклдаги мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юбориши мумкинлиги белгиланмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги кучайишига, боланинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳокамалар якунида қонунни маъқуллаш ҳақида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Конвенция иш берувчилар томонидан пул шаклида иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашга қаратилган. Конвенция қоидалари иш ҳақи тўланадиган ёки тўланиши лозим бўлган барча шахсларга нисбатан қўлланилади. Конвенция иқтисодий фаолиятнинг барча соҳалари ва ишчилар тоифаларига татбиқ этилади.

Муҳокама давомида Конвенцияда иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхат, купон ёки бошқа шаклда, шунингдек, таркибида алкоголь миқдори юқори бўлган спиртли ичимликлар, организм учун зарарли гиёҳванд моддалар кўринишида тўлаш тақиқлангани таъкидланди.

Сенаторлар Конвенция нормалари Ўзбекистон қонунчилигига, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келишини қайд этдилар.

Муҳокама чоғида Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар яратишга имкон бериши, меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга салмоқли туртки бериши айтиб ўтилди.

Ушбу Конвенция жаҳоннинг 99 та давлати томонидан ратификация қилинган.

Сенаторлар Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меҳнат стандартларини самарали жорий этишни таъминлашга хизмат қилишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принцип ва стандартларга содиқлигини кўрсатишини алоҳида таъкидладилар.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати