Сув спорт турлари бўйича Доҳада ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Игорь Мялин “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш остонасига яқин келди. Барчасига бугунги ярим финал ва финал баҳслари ойдинлик киритади.

Мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг 2 минг 500 нафардан зиёд спортчилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси ҳам совринли ўринлар ҳамда “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш олиб бормоқда.

Кеча чемпионатнинг сувга сакраш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Игорь Мялин 10 метрли трамплиндан сакраш дастурида қатнашди.

Терма жамоамиз аъзоси 45 нафар спортчи орасида 377.85 балл жамғариб, 14-натижа билан ярим финал мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди.

Бугун, 10 февраль куни ушбу йўналишда ярим финал ва финал баҳслари бўлиб ўтади. Айтиш лозимки, бугунги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Игорь Мялин кучли ўнликдан жой олишга муваффақ бўлса, у “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқади.

Эртага сузиш мусобақалари бошланади. Унда терма жамоамиз аъзолари Илья Сибирцев ва Элдорбек Усмонов турли йўналишлар бўйича ўтадиган баҳсларда ўз омадини синаб кўради.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 5,6 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган нуфузли мусобақа 18 февралга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА