Ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда.

2023 йилда 10 минг 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган. Шундан 79 нафари вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга эса 270,4 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун билан ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди.

Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур масала юзасидан фикр билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева қонунчиликка киритилаётган янгиликлар нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки экологик аҳамиятга молик масала эканини қайд этди.

– Ҳозир бир туб дарахт олтинга тенг бўлиб турган бугунги шароитда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилаётгани жуда тўғри чора, деб ҳисоблайман, – деди Танзила Норбоева. – Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, маъмурий чораларни кучайтириш орқали натижага эришиб бўлмайди. Ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш барча соҳаларда, объектларда биринчи галдаги вазифалардан бири бўлиб қолиши керак. Кейинги пайтларда ОАВ орқали, бевосита корхона ва ташкилотларда, айниқса, мактабларда, ёзги дам олиш оромгоҳларида болаларимиз ўртасида бу борада тушунтириш ишлари фаоллашганини кўряпмиз, албатта. Мазкур масалага фақатгина куз-қиш мавсуми кириб келганда ёки шахсий режа асосида эмас, балки ҳар доим комплекс ёндашиш ва ҳамма сафарбар қилиниши керак.

Мажлисда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилаётгани таъкидланди.

Сенаторлар маъқуллаган қонун ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА