Испаниянинг “Cepsa” нефть-кимё компанияси ва Американинг “Manpower Group” трансмиллий корпорацияси тақдим этган “Яшил молекула: Европада яқинлашиб келаётган меҳнат бозори инқилоби” номли маърузада қайд этилишича, яшил водород ва биология ёнилғиси каби қайта тикланадиган энергия манбалари ишлаб чиқариш тизимида 2040 йилгача 1,7 миллион янги иш ўрни пайдо бўлади.

Қолаверса, мазкур соҳа қитъа ялпи ички маҳсулоти қийматини 145 миллиард евро ошириш имконини бераркан.

Испания яшил водород ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланади. Яшил молекула билан боғлиқ энг кўп – 181 минг иш ўрни айнан шу давлатда очилади. Бу борада кейинги ўринларни Буюк Британия (173 минг) ва Германия (145 минг) эгаллайди. Ҳисоботга кўра, энергия трансформацияси ҳозирги кунгача ўрта ва юқори даражадаги олим, муҳандис, электр монтёри, маъмурият ва савдо директори, тоғ-кон ва қурилиш ишчиси, ахборот технологияси мутахассиси, металлургия ва муҳандислик операторига талаб сезиларли даражада ўсишига олиб келади.

– Биз нафақат компаниялар, балки миллионлаб мутахассислар учун ҳам улкан имконият тақдим этувчи янги даврга кирмоқдамиз, – дейди “Manpower Group” бош директори Жонас Присинг. – Фақат, одамларни шунга тайёрласакгина, ушбу имкониятан фойдаланишимиз мумкин. Келажак “яшил ўсишда”.

С.Раҳимов, ЎзА