Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МФЙ) бошқармаси бошлиғи Зокир Раҳимов, БМТ Тараққиёт дастурининг атроф-муҳит ва иқлим бўйича кластери раҳбари Баҳодир Палуаниязов, Оролбўйи сувли-ботқоқли ҳудудларни бошқариш лойиҳаси раҳбари Акмал Исматов ва соҳа вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи ҳудудларни сақлаш ҳамда бошқариш” қўшма лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (ГЭФ) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Тадбирда лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтилди.

— 4 йил давомида амалга ошириладиган мазкур лойиҳа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, сувли-ботқоқли ерларни сақлашга қаратилган дейди Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МФЙ) бошқармаси бошлиғи Зокир Раҳимов. —Лойиҳа доирасида муҳофаза ҳудудлари мониторинги марказини очиш ҳам кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг асосий мақсади Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқариш, Қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзаларида экотизимларнинг барқарорлиги ва яшаб қолиши учун шарт-шароитлар яхшилашдан иборат. Лойиҳа доирасида 2023-2026-йиллар давомида умумий майдони 3 миллион гектардан ортиқ бўлган бешта янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар “Жанубий Устюрт”, “Оролбўйи”, “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғлари, “Судоче-Акпетки”, “Борса келмас” буюртма қўриқхоналарини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шунингдек, учрашув чоғида “Жанубий Устюрт” ва “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғларига иккита йўлтанламас автомобил топширилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, йўл танламас автомобиллар ботқоқлик, тоғли ва бошқа нотекис йўлларда бемалол ҳаракатлана олади. Экология соҳасида ҳам бу каби автомобиллар қўриқхоналардаги илмий ишларни кучайтиришга, меҳнат шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА