Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маъруза қилди:

– Мамлакатимизда турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш мақсадида идентификацияловчи ID-карта бериш тизими йўлга қўйилган. Хорижга чиқиш паспорти, идентификацияловчи ID-карта каби ҳужжатлар давлат мулки ҳисобланиб, уларни эҳтиёт қилиб сақлаш, фойдаланиш, белгиланган муддатда расмийлаштириб олиш ёки алмаштириш ҳар бир шахснинг бурчидир. Мамлакатимизда паспорт тизими қоидалари жорий этилган бўлиб, уларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳаси билан бу борадаги бир қатор жарималар мақбуллаштирилмоқда. Жумладан, паспортсиз доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтмай яшаш, амал қилиш муддати тугаган, шахсга доир маълумотлар ўзгаргани сабабли алмаштирилиши лозим бўлган ҳужжатларни ўз вақтида алмаштирмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, яъни 340 минг сўм, паспортни қасддан яроқсизлантириш ёки уни эҳтиётлаб сақламаганлик оқибатида йўқотилганлик учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима солиш белгиланмоқда.

Шунингдек, айрим тоифадаги шахслар, яъни, ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги натижасида жабрланган шахсларни паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани белгиланган муддатларда расмийлаштирмаганлик ёхуд доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмаганлик каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликдан озод этиш белгиланмоқда. Шу билан бирга, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари раҳбарларига паспорт тизими қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қарор қабул қилиш ваколати берилмоқда, – деди вазир ўринбосари.

Муҳокамаларда сўз олган депутат Ўктам Исломов қонун лойиҳасидаги айрим нормалар бўйича эътироз билдирди.

– Ушбу қонун лойиҳасида маъмурий жавобгарлик чораларини либераллаштириш таклиф этилаётгани айтилди. Аммо аслида амалдагидан кўра оғирлаштирилаётгани яққол сезилиб турибди. 223-модда икки қисмга ажратиляпти. Биринчи қисмда паспортни муддати ўтгани ёки маълумотлари ўзгаргани сабабли алмаштириш масаласида БҲМнинг бир баравари миқдоридаги жарима кўзда тутилмоқда. Амалдаги тартибда 0,5 дан 3 бараваригача эди. Модданинг 2-қисмида паспортни йўқотиб қўйса ёки қасддан шикаст етказса, БҲМнинг 2 баравари дейиляпти. Амалда эса бу ҳолатда ҳам 0,5-3 бараваргача эди. Амалиётдаги ҳолатлар таҳлил қилинганда, бу турдаги жавобгарликлар учун асосан БҲМнинг 0,5 миқдорида жарима қўлланилган. Энди эса ярим оклад бўлиб турган жарима 4 бараварга ошириляпти. Бу нотўғри бўлади. Амалдаги БҲМнинг 0,5 баравари ҳолатида қолдириш, агар такрорланса, миқдорини ошириш лозим.

Бунга жавобан айрим рақамлар келтирилди. 2022 йилда паспорт тизими бўйича 130 мингта фуқаро жавобгарликка тортилган бўлса, шундан 70 фоизи, 2023 йилда 62 фоизи 0,5 миқдорида жарима тўлаган. Яна бир жиҳат борки, агар жарима 15 кун ичида тўланадиган бўлса, жариманинг ярми тўланади. Демак, амалдаги 0,5 бараварга тўғри келиб қолади.

Депутат Дониёр Ғаниев эса “ID-картани йўқотганлик учун жарима тўлаш мантиқсизлик” деди:

– Ҳар бир ID-картадан ишлаб чиқарувчилар фойда кўради. Яъни, ID-картани ишлаб чиқарувчи хусусий сектор вакиллари ҳисобланади, улар ҳар битта ID-картадан даромад олади. Уни расмийлаштириб олишда тўловини тўлаб, яъни, ўзимни пулимга сотиб оляпман ва шахсий мулкимга айланяпти. Ўзимни мулкимни йўқотганим учун ҳам тўловини тўлайман, ҳам жарима тўлашим керак?! Бу мантиққа тўғри келмайди.

Қизғин баҳс-мунозараларда бир қатор савол ва эътирозлар, таклифлар билдирилди. Масъул қўмита вакиллари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида берилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилишини билдирди. Шундан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА